Республика тез тиббий ёрдам марказига янги директор тайинланди

17:05 25 Июль 2022 Жамият
801 0

Фото: ССВ матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Ғафуров Абдувоитжон Ҳусейнович Республика тез тиббий ёрдам маркази директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

41 ёшли А.Ғафуров иқтисодчи ва дастурчи-муҳандис мутахассислигига эга.

У ўз фаолияти давомида қатор хусусий сектор корхоналарида техник, ижрочи ва бош директор каби раҳбарлик лавозимларида иш олиб борган.

Эслатиб ўтамиз, Президентимизнинг шу йил 16 июндаги «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали ташкил қилинган эди.

А.Ғафуров раҳбар этиб тайинланган мазкур тузилма соғлиқни сақлаш соҳасида тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал бошқарув тизими сифатида фаолият юритади.

Шунингдек, юқоридаги қарорда тузилмага мамлакат бўйлаб тез тиббий ёрдам бўйича ягона электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими ва ягона “Call-марказ»лар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам автотранспорт воситаларини радиоалоқа воситалари ва GPS-трекерлар билан, тез тиббий ёрдам бригадаларини планшетлар билан тўлиқ таъминлаш, қисқаси, IT-технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда тизимни уникал кўринишга келтириш бўйича вазифалар юклатилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер