Репродуктив саломатлик, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди

17:24 28 Сентябр 2022 Сиёсат
366 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгаши мажлисида Репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди. Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этган мазкур мажлисни Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Унда оналик ва болаликнинг муҳофазаси, репродуктив ёшдаги аёллар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати, соҳадаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги таклифлар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, аёллар ва болаларга малакали, ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича республиканинг барча ҳудудларида 17,5 млн нафардан ортиқ аёллардан 9,1 млн нафар туғиш ёшидаги аёлларга 227 та туғруқ муассасалари, 11,3 млн нафардан зиёд 18 ёшгача бўлган болаларга эса (умумий аҳоли сонининг 32,0 фоизи) 238 та болалар даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда.

Туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўриклардан ўтказиш бўйича тасдиқланган режа-жадвал асосида 2022 йилнинг 8 ой давомида 9,1 млн нафар туғиш ёшидаги аёлларнинг 6,7 млн нафари (74,1 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилган, улардан 2,9 млн нафарида (42,9 фоизи) экстрагенитал касалликлар аниқланган.

2,2 млн нафар аёл (75,9 %) соғломлаштирилган, жумладан, 2 млн аёл (90,4 %) амбулатор ва 200 минг аёл (9,3 %) стационар шароитда соғломлаштирилган.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан биргаликда Сенатнинг бирламчи ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларига ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, 2021 йилда гўдаклар ўлими 7 214 тани ташкил этган бўлиб, 2020 йилга нисбатан 160 тага (7054/7214) ошган.

Бундан ташқари, ҳудудларда 2018-2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури ижроси бўйича қатор камчиликлар мавжуд эканлиги қайд этилди.

Шунингдек, ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмаган.

Мажлис давомида соҳа мутахассисларининг ушбу йўналишда мавжуд  муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлари эшитилди.

Билдирилган фикрлардан сўнг бу борада чуқур, тизимли, керак бўлса, танқидий ўрганиш ва таҳлил зарурлигидан келиб чиқиб, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси бошчилигидаги мазкур  ишчи гуруҳ таркибига Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирлик, идора ва муассасалар вакиллари киритилди.

Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.

Муҳокамалар якунида туғруқ муассасаларида оналар ва гўдаклар ўлимини камайтириш, туғруқ ёшидаги аёллар тиббий кўригини сифатли ташкил этиш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини назорат қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

 

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер