Ренессанс бинолари

15:30 16 Сентябр 2021 Жамият
619 0

Самарқанд тиббиёт институти янги ўқув биносининг дрон орқали туширилган сурати

Бугун сизга иккита бино ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз. Иккаласи ҳам олий ўқув юртининг бинолари. Иккаласининг ҳам лойиҳаси бир хил. Иккаласининг ҳам тақдири бир хил. Яна уларни бир-бирига боғлаб турган бир жиҳат бор, бу ҳақида кейинроқ.

Дублин университети

Дублин университети Ирландиядаги энг қадимги олий ўқув юрти. Университет «Қадимий университетлар» деб номланувчи норасмий рўйхатга киритилган. Бу рўйхатга Дублин университетидан ташқари Англиядаги Оксфорд ва Кембриж университетлари ва Шотландиядаги тўрт университет киради. Бу университетлар бекорга «Қадимий университетлар» рўйхатига киритилмаган: уларнинг барчаси Ўрта асрларда, айнан Ренессанс даврида қурилган.

Ирландиянинг Дублин университети биноси

XVI аср охирида Дублин шаҳрининг бир гуруҳ ташаббускор зиёлилари Оксфорд ва Кембриж университеларини бориб кўриб, бу университетлар фаолиятини ўргангач, Ирландияда ҳам шулар каби олий ўқув юрти бўлишини орзу қилишади ва Англия қироличаси Елизавета I га мурожаат қилишади.

Қиролича Елизавета I эса, зиёлилар кутгандан ҳам тез университет қурилиши учун маблағ ажратади.

Хуллас, зиёли инсонлар ташаббуси ва қироличанинг ҳомийлигида бугун дунёдаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири – Дублин университетига асос солинади.

Самарқанд давлат тиббиёт институти

Самарқанд давлат тиббиёт институти ҳам Ўзбекистон тарихидаги энг дастлабки институтлардан бири. У 1930 йилда очилган. Бугунги кунга келиб етти мингга яқин талаба дарс олаётган тиббиёт институтининг биноси замон талабларига жавоб бермай қолган, талабалар институтга сиғмас, у бинодан бу бинога сарсон бўлиб юришарди.

Халқаро миқёсда эътироф этилган, болалар хирургияси соҳасида илмий мактаб яратган машҳур олим 2004 - 2020 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институтида ректорлик қилган тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Шамсиев ҳам Ренессанс давридаги ирландиялик зиёлилар ташаббусини такрорлади. У Самарқандда тиббиёт институти номига яраша бино қуришни ният қилди.

Бунгача 1989 йилда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган 200 ўринли ихтисослашган кўп тармоқли «Болалар хирургияси илмий-амалий маркази» ташкил этиб, етарли тажриба тўплаган Азамат Шамсиев казо-казоларнинг қаршилигига қарамай, 2011 йилнинг март ойида Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг тиббиёт институтининг янги ўқув биноси учун 0,5 гектар ер майдони ажратилиши ҳақидаги қарорини олишга муваффақ бўлди.

Ана шу ерда Самарқанд медицина институтини Дублин университети билан боғлайдиган биринчи иш содир бўлди: дунё кўрган олим, Европа тиббиёти, тиббий ўқув юртлари ютуқларини амалда ўрганган профессор Азамат Шамсиев айнан Дублин университети биносининг лойиҳасини олиб келди.

Лойиҳанинг ўзига ҳам, умуман, тиббиёт институти учун бино қуришга ҳам қарши бўлганлар топилди. Халқ саломатлиги учун масъул бўлган энг юқори идоралар, вазирликлардан профессорнинг ишига тўғаноқ бўлгувчилар чиқди. Азамат Шамсиевни ҳеч нарса тўхтата олмаётганини кўрган «корчалонлар» охирги чорани қўллашди: институт биносини қуриш учун маблағ ажратишга тўсқинлик қилишди. Ректорнинг олти йиллик умри институт биносини қуриш учун зарур бўладиган маблағни топиш умидида турли идоралар эшигида ўтди.

Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги биноси

Ана шу ерда Ирландиянинг Дублин университети билан Самарқанд тиббиёт институти биноларини боғлайдиган иккинчи иш содир бўлди: Азамат Шамсиев 2017 йилда Самарқанд вилоятига ташриф буюрган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди.

Ҳурматли Президентимиз эса, Шамсиев кутганидан ҳам тез жавоб берди: шу ернинг ўзида мутасадди ходимларга топшириқ бериб, институтнинг янги биноси қурилиши учун маблағ ажратишни жуда қисқа муддатда ҳал қилишни вазифа қилиб берди.

2018 йил 3 февралдаги Президент қарорига кўра, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 800 ўринли янги ўқув биноси қурилиши учун 54,5 миллиард сўм маблағ ажратилиши биланоқ Азамат Шамсиев зудлик билан қурилиш ишларини бошлаб юборди ва 2020 йилнинг бошларида ушбу бино тайёр ҳолатга келтирилди.

Халқ орасида ҳалол ва тажрибали қурувчи номини олган «Баҳодир-А» МЧЖ раҳбари Аслам Маматқулов бошчилигидаги қурувчилар бу муҳташам бинони икки йилда қуриб битказдилар. Бино лойиҳасини тузувчи «Меморқурилишлойиха» МЧЖ раҳбари Ринат Вохидов.

Бинонинг деворлари тарих синовларидан ўтган Ғозғон гранит тошлари билан безатилди. Шамсиевнинг қўлидан шифо топган Ғозғон мармар кони раҳбари бу қимматбаҳо гранит тошларни ўзига ва ўғлига қайта ҳаёт бахш этган профессорнинг ҳурматига жуда арзон нархларда етказиб берди.

Бино фойдаланишга топширилди. Бу йилги ўқув йилида етти мингга яқин талаба институтнинг янги биносида кенг ва ёруғ ўқув хоналарида сабоқ ола бошладилар.

Бизга номаълум сабабларга кўра, Дублин университетини Самарқандга «олиб келган», тиниб-тинчимас Азамат Шамсиев институт ректорлигидан озод қилинди. Аммо профессор Азамат Шамсиевдан келажак авлодларга дунёда тенги кам бўлган муҳташам илм қасри армуғон бўлиб қоладиган бўлди.

Энди Дублин университети билан Самарқанд тиббиёт институтини боғловчи учинчи бир боғлиқлик ҳақида айтмоқчиман.

Дублин университети 1592 йилда, Ренессанс даврида қурилган бўлса, Самарқанд тиббиёт институти ўқув биноси Янги Ўзбекистонда III Ренессанс пойдеворига тамал тошлари қўйилаётган Янги даврда қурилди!

Дублин университети Англия қироличаси Елизавета I раҳнамолигида қурилган бўлса, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг янги биноси Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қад ростлади.

Дублин университети биносига ва Самарқанд давлат тиббиёт институти биносига бир назар ташланг! Улар худди эгизакдек бир-бирига ўхшаш!

Самарқанд тиббиёт институти биноси ҳам асрлар оша халқимизга хизмат қилсин! Самарқанд тиббиёт институти ҳам Дублин университетидек дунёнинг нуфузли олийгоҳларидан бирига айлансин!

Келажак авлодлар эса, бу муҳташам бино кимларнинг саъй-ҳаракатлари, заҳматли меҳнатлари эвазига бунёд бўлганини унутишмасин!

Тиббиёт институти янги биносининг қурилишига раҳнамолик қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ва бу бино қурилишига бор куч-ғайратини сарфлаган Азамат Шамсиевнинг номлари эса, бу бино пештоқига албатта зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилишига биз ишонамиз.

Каримберди Тўрамурод,
Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?