Рейтингда Навоий вилояти бир поғона юқорилади, бошқа кўтарила олмайди. Лекин...

11:26 19 Ноябрь 2020 Жамият
600 0

Шу кунларда Республика халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Навоий вилоятида бўлиб, тизимдаги ютуқ ва камчиликлар билан танишди. Бир неча кун аввал вазир ўзининг телеграмм саҳифасида мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш кўрсаткичлари бўйича рейтингни эълон қилган ва унга кўра, Навоий вилояти рейтингда 2019 йилга нисбатан бир поғона юқорилаб,  биринчи ўринни эгаллаган эди. Яъни, жорий йилда вилоятда битирувчиларнинг( 3 044 нафар) 29.8 фоизи(3 881 нафар) турли ОТМларнинг талабасига айланишган.

Вилоят халқ таълими тизимига мазкур кўрсаткичда энди юқорилашнинг имкони йўқ. Галдаги вазифа уни мустаҳкамлаш ҳамда Республикамиз Президенти соҳа ходимлари олдига қўяётган вазифалар ижроси, таълим сифатини яхшилашдан иборат.

Халқ таълими вазири айни мақсадларда Навоий шаҳридаги Беруний номли нодавлат таълим муассасаси ҳамда табиий фанларга ихтисослашган Қоракўл мактабида яратилган имкониятлар, шунингдек, Кармана, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Хатирчи туманларидаги бир қатор умумтаълим мактабларида педагоглар билан учрашиб, таълим сифатини янада ошириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди.

Вилоят ҳокимлигида эса вазир шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли масъул мутасаддилари билан соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, эришилган ютуқларни оммалаштириш ҳамда галдаги устувор вазифалар юзасидан видеоалоқа орқали мулоқот ўтказди.

Мулоқотда мактаблар фаолияти янада яхшилаш, ёшларда етарли билим ва кўникмани шакллантиришни умумхалқ ҳаракатига айлантириш учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги таъкидланиб, бу борада ўзига хос тажриба эга бўлган навоийлик таълим фидойиларига ҳар қандай шарт-шароитларни яратиб бериш зарурлиги қайд этилди. Айниқса, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда халқ таълими вазирлигининг ўзаро ҳамкор ва ҳамфикр тарзда иш олиб бориши муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Мулоқотда иштирок этган вилоят ҳокими Кобул Турсунов барча ҳудудларда тенг имкониятлар бўлишига қарамасдан айрим таълим муассасаларида лоқайдлик ва эътиборсизликлар ҳам учраётганлигини таассуф билан таъкидлаб, фарзандларимиз келажаги учун биринчи навбатда масъул бўлган мактаблар ишига панжа орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқлигини айтиб, барчани эзгу мақсад йўлида камарбаста бўлишга чақирди.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?