Равон йўлда келажак сари қўйилган қадамлар ҳам залворли бўлади

17:07 07 Февраль 2024 Жамият
142 0

Яқинда иш юзасидан Қўрғонтепа туманида бўлдим. Содда, самимий, беғубор одамларнинг юртимизда халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишларга илиқ муносабатларидан дилим яйради. Бинобарин, ҳаётбахш ўзгаришлар, изчил ислоҳотлар аҳоли кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Айниқса, ички йўлларнинг кафтдек текис бўлгани одамларни жуда мамнун этмоқда.

— Авваллари шароит оғир эди, — дейди ушбу тумандаги “Ғайрат” кўчасида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Саидолим ота Нўмонов. — Нолиш эмасу, аммо, умримиз ёзда чанг, қишда лой кўчаларни юриб ўтди. Ёғингарчилик кунлари кўчага чиққани юрагимиз безиллар эди. Бугун йўлга қараб, кўзим қувнайди. Икки четига ўрнатилган чироқлар тунимизни кундуздек чароғон этмоқда.

Тан олиш керак, яқин ўтмишда ҳам ички йўлларнинг аҳволи абгор эди. Зеро, 2007 йилга қадар Андижон вилоятида ички йўлларга умуман эътибор қаратилмаган. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга доир саъй-ҳаракатлар натижасида 2016 йилга қадар 1000 километрдан иборат кўчаларда таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунда ҳам бу каби жараённи туманлар миқёсида кўришнинг имкони бўлмаган. 2017 йилга қадар битта туманда нари борса 5-6 километр йўл асфальтланган, холос. Сўнгги йилларда инсон қадр-қимматига бўлган эътибор туфайли бу йўналишдаги ишлар кўлами кескин ортди. Натижада 2023 йилнинг ўзида 1123 километр ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

— Маҳалламиз ташкил топганига 20 йилдан ошди, — дейди Андижон туманидаги Т. Мирзаев номли кўчада истиқомат қилувчи Абдуллажон Абдураҳимов. — Бизнинг кўча шундоққина дала билан ёнма-ён бўлгани сабабли асфальт тугул шағалланиб қолса ҳам майли эди, дея орзу қилардик. Ўтган йили кўчамизни бетонлаш ишлари амалга оширилгач, армонимиз ортда қолди. Энг чекка ҳудудларда ҳам шундай хайрли ишлар йўлга қўйилганлиги халқимиз учун барча шароитлар яратилаётганлиги ифодасидир.

Абдуллажон ота каби маҳалладошларнинг кўзини қувнатган бетон йўл Андижон вилоятида дастлаб, 2022 йилда пайдо бўлганди. Ўшанда синов тариқасида Андижон шаҳридаги Шифокорлар кўчасида 500 метрдан иборат йўлда бетонлаш ишлари ташкил этилди. Унинг ҳатто оғир ҳажмли юк машиналарига ҳам чидамлилиги исботлангач, аста-секин оммалаштирила бошланди. Бунга сабаб нима? Ана шу савол билан “Андижон минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Фарҳодбек Қаюмовга юзландик.

— 1 километр узунликда, кенглиги 4,5 метрли кўчани асфальт қилиш учун 600 млн. сўм маблағ сарфланади, — дея таҳлил қилади мутахассис суҳбат чоғида. — Ушбу лойиҳада асфальт ўрнига цементдан фойдаланилса 527 млн. сўм маблағ ишлатилади. Натижада 73 млн. сўмни тежаб қолиш имкони яратилади. Бу масаланинг бир жиҳати. Иккинчидан, ушбу услубдаги йўлнинг чидамлилик муддати бир неча баробарга ортади. Яъни, 15-20 см. қалинликдаги бетон қоришмаси асфальтга нисбатан беш-олти баробар чидамлироқдир. Амалга тадбиқ этилаётган янги тажриба нафақат, маблағни иқтисод қилмоқда, балки иш кўламини ҳам оширмоқда. Масалан, 800 километр йўлни асфальт қилиш учун 480 млрд. сўм маблағ сарфлаш ўрнига 422 млрд. сўм эвазига бетон қоришмали йўл барпо этиш орқали 58 млрд сўмни иқтисод қилиш мумкин. Бу эса яна 110 километр йўлни таъмирлаш имконини беради. Бугунги кунда вилоятда 10 883 километрдан иборат ички йўл мавжуд бўлиб, шундан 1123 километр қисми 2023 йилда таъмирланди. Жорий йилда 949,9 километрдан иборат кўчаларда таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилади.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, бир пайтлар қаровсизликдан абгор ҳолатга келиб қолган ички йўллар эндиликда эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бу албатта, одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда. Зеро, равон йўлда келажак сари қўйилган қадамлар ҳам залворли бўлади.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер