Расул Кушербоев баландпарвоз фикр билдиришдан аввал тузилмаларга мурожаат қилиб, жавоб олиши керак эди — Энергетика вазирлиги

23:10 21 Июль 2020 Жамият
1843 0

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги депутат Расул Кушербоевнинг гапларига эътироз билдириб, қуйидагиларни маълум қилди.

«Ўзбекнефтегаз» АЖга 401 млрд. сўмлик субсидия, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ учун 500 млрд. сўмлик субсидия ва «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ учун 250 млрд. сўмлик субсидия шаклида давлат ёрдамининг кўрсатилиши истеъмолчиларни, энг аввало Ўзбекистон аҳолисини мунтазам равишда сифатли газ ва электр энергияси билан таъминлаш зарурияти билан изоҳланади.

Қайд этиш зарурки, ушбу маблағларнинг ажратилиши тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Президентининг қарорига асосан махсус комиссия томонидан қабул қилинган.

Маълумки, электр ва газ таъминоти соҳалари барқарор фаолият юритиши учун катта моддий харажатлар талаб қилинади. Бу энг аввало, ҳар кунлик жараён билан боғлиқ бўлиб, унда улкан саноат занжири иштирок этади. Ушбу занжир таркибида электр энергия ишлаб чиқарувчи, ер қаъридан газ олувчи, уни етказиб бериш, тақсимлаш билан, айни пайтда газ ва электр таъминоти тизимларининг ҳолатини кузатиш билан шуғулланувчи компаниялар мавжуд.

Бундан ташқари, ҳар йили ёз фаслида бу соҳада бутун тизимни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, йилнинг совуқ фаслида узилишларга йўл қўймаслик мақсадида қўшимча ишлар олиб борилади.

Айни пайтда, карантин даврида Ўзбекистон аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида электр энергия ва газ таъминотидан уларнинг истеъмоли учун ўз вақтида ҳақ тўламаганларни тармоқдан узмаслик тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу сабабли электр энергияси ва газ етказиб бериш бўйича бутун тизимнинг фаолият юритиши учун зарур бўлган маблағлар билан уларнинг истеъмоли учун келиб тушаётган маблағлар ўртасида узилиш вужудга келди.

Фаолиятимизнинг бош самараси – аҳолини зарур электр энергияси ва газ билан барқарор равишда таъминлашдан иборат.

Бу иш эса, мазкур соҳа мутахассислари, COVID-19 тарқалган хавфли бир шароитда, масофали ишлаш имкониятига эга бўлмаган ҳолда, ўз иш ўринларини тарк этмай, фаолият юритиб келаётган минглаб мутахассислар томонидан таъминланмоқда.

Айни пайтда, тўловлар билан боғлиқ вазият яхшилангач, давлат томонидан соҳани қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар бюджетга қайтарилади.

Шуни таъкидлаш керакки, депутат Р.Кушербоевнинг баландпарвоз фикрларни билдиришдан аввал ўзи тилга олган тузилмаларга мурожаат қилган тақдирда, у шубҳасиз тегишли жавобларни олган бўлар эди. Масъулияти шахслар томонидан билдириладиган фикрлар масаланинг моҳиятини яхши билишга асосланиши керак. Бунинг натижасида фақат асоссиз даъволарга ўрин қолмас эди.

Қўлда депутатлик мандати билан ўз соғлигини хавф остига қўйиб, барча санитария-гигиена талабларига амал қилган ҳолда пандемия шароитида ўзининг жасоратли меҳнатини давом эттираётган мутахассисларнинг ишига эътибор бермаслик мумкиндир. Аслида эса масаланинг моҳиятига етиш учун жойларга, ҳудудларга бориш, ушбу мутахассислар билан учрашиш лозим эди.

Ушбу даврда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича чоралар дунёнинг барча мамлакатларида қабул қилинмоқда, Европа комиссияси, АҚШ ҳукумати ва бошқа мамлакатлар ҳукуматлари томонидан қабул қилинмоқда.

Ўзбекистонда ҳам иқтисодиётнинг базавий тармоқларини қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда", дейилади вазирлик ахборотида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер