“Расмий статистика тўғрисида”ги Қонуннинг Давлат статистика қўмитаси тизимида ижро этилиши қай аҳволда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Расмий статистика тўғрисида”ги қонуннинг Давлат статистика қўмитаси тизимида ижро этилиши юзасидан назорат-таҳлил тадбири якунига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда статистик маълумотларнинг ишончлилиги, долзарблиги ва очиқлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва уларга эришишнинг аниқ механизмлари яратилди. Хусусан, “Расмий статистика тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши юртимизда расмий статистика соҳаси фаолиятини тартибга солиш бўйича ишларнинг самарали ва тизимли амалга оширилиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлаётир.
Давлат статистика қўмитаси ўз ваколатлари доирасида статистика услубиятлари ва халқаро тавсияларга мувофиқ бўлган статистика кузатувларининг шаклларини ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ҳамда жорий этиши юзасидан 2022 йил учун 110 та статистика ҳисоботи, 33 та танланма кузатув шакллари асосида статистика кузатувларини ташкил этган. Шунингдек, 2023 йил учун респондентларга ҳисобот юкламасини қисқартириш мақсадида 12 та статистика ҳисобот шаклларини қисқартиришга эришган.
Шунингдек, 15 та вазирлик ва идоралар билан ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича ахборот тизимлари уйғунлашуви ташкил этилган бўлса, 2023 йилда 17 та ахборот тури бўйича 13 та вазирлик ва идораларнинг маълумотларини уйғунлаштириш режалаштирилган. Қонун қабул қилинган даврдан шу кунга қадар статистика соҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва ходимлар малакасини ошириш мақсадида жами 200 нафарга яқин статистика тизими ходимлари халқаро даражада ташкил этилган форум, конференция, семинар ва ўқув курсларида қатнашган.
Йиғилишда расмий статистикадан фойдаланувчиларга яратилган шарт-шароитлар тўғрисида қўмита расмий веб-сайтида “Очиқ маълумотлар” ва “Нашрлар” бўлимлари ташкил этилгани, бунда “Очиқ маълумотлар” бўлимидаги статистика маълумотлари тўплами сони қонун қабул қилингунга қадар 275 тани ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб қарийб 400 тага етказилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, “Нашрлар” бўлимида 33 турдаги ойлик, чораклик, йиллик пресс-релизлар, ойлик даврийликда “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати” рисоласи ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати” чораклик ахборотномаси эълон қилинмоқда.
Қўмита аъзолари соҳада амалга оширилган ишларни эътироф этиб, расмий статистиканинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фойдаланувчиларга ишончли, сифатли расмий статистик маълумотлар бериш бўйича таклифлар берди.
Муҳокамалар сўнггида ушбу йўналишдаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини таъминлашга келишиб олинди.
Якунда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Олимлар саратондан ҳам ўлим хавфи икки баравар юқори бўлган касаллик ҳақида маълум қилишди
- «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов лавозимидан озод этилди ва 3 суткага қамалди
- АҚШ бой берилган ҳудудларни Украинага қайтаришга эришиш ниятида эканлигини маълум қилди
- Транспорт вазирлари «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишини муҳокама этишди
- Давлат раҳбари ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлади
- 2 февралдан бошлаб барча ҳудудлардаги АГТКШлар фаолияти босқичма-босқич тикланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг