Рақобат талаблари нега бажарилмаяпти?

17:29 09 Октябр 2020 Сиёсат
541 0

“Uzbekistan Airways, “Uzbekistan Airports”, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятлари бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан саналади.

Хўш, улар кўрсатаётган хизматлардан халқимиз қай даражада рози? «Рақобат тўғрисида»ги Қонун талаблари доирасида мазкур корхоналарда қандай иш олиб бориляпти?

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасига фуқаролар томонидан тушган мурожаатлар асосида айнан шу тармоқларнинг фаолияти батафсил ўрганилди. Таассуфланарли жиҳати, натижалар бизни ва фуқароларимизни хурсанд қиладиган даражада эмас.

Масалан, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятида рақобатбардошликни оширишга салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар мавжудлиги аниқланди. Энг аввало, ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги боис «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас. Шу билан бирга, тармоқда мижозлар учун ниҳоятда кўп қулайлик яратадиган рақамли маҳсулотларни қўллаш тизими суст ташкил этилган.

Тизимда рақобатни чеклашнинг турли шакли қўллаб келиняпти. Хусусан, жамият фақат 4 та экспедиторлик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузилган. Бошқа экспедиторлар фақат ушбу ташкилотлар орқали фаолият олиб бориши мумкин бўлиб, бу иштирокчиларга товар, молия ва хизматлар бозорларида тенгсизликни келтириб чиқармоқда.

Аҳолига хизмат кўрсатиш тизимида вокзалларга кириш ҳаддан зиёд тартибга солинган бўлиб, бюрократик тамойиллар кучайтириб юборилган ва натижасида уларнинг ўзини-ўзи таъминлаши учун мавжуд имкониятлар ва халқаро тажрибалар амалда қўлланилмасдан келинмоқда.

“Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тизимида ҳам Қонун ижроси суст даражада. Ўтказилган таҳлиллар жараёнида ҳаво транспорти соҳасининг ички ва ташқи бозорда рақобатдошлик ҳолатига салбий таъсир этувчи қатор омиллар аниқланди. Жумладан, “Uzbekistan Airways” АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона миллий компания бўлгани учун рақобат муҳити мавжуд эмас. Табиийки, ана шундай бир шароитда компаниянинг фаолият самарадорлигини оширишга интилиш бўлмаслиги турган гап.

Қолаверса, “Uzbekistan Airways” АЖ тизимида юк ташиш йўналишини ривожлантириш қўшимча даромад манбаи сифатида кўриб чиқилиши керак бўлгани ҳолда, бу масала ҳозиргача очиқ қолмоқда. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03 фоизни ташкил этганлиги ҳам бу борадаги ишлар қониқарли эмаслигини кўрсатади. Ваҳоланки, жаҳон миқёсида мазкур кўрсаткич 35 фоизга етган.

Шунингдек, аэропортлар замонавий ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмаганлиги боис самолётларни юқори сифатли қабул қилиш ва техник хизмат кўрсатиш даражаси анча паст. Бу масаланинг бошқа жиҳатига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти, яъни аэропортларнинг ҳамкор сифатидаги жозибадорлигини пасайтириб юборган.

Ишчи гуруҳ «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти томонидан ижро этилишини ҳам батафсил ўрганиб чиқди.

Мазкур акциядорлик жамияти 1994 йилда майдаловчи пўлат шарлар маҳсулоти бўйича ва 2020 йилда лом ва қора металлар чиқиндиларини (харид қилиш) тайёрлаш хизмати бўйича Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июлдаги «Ўзметкомбинат» АЖни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, «Ўзметкомбинат» АЖ республика ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларни тайёрлаш (харид қилиш) бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади ва республика ҳудудида йиғилган металлолом фақат ушбу комбинатга топширилади.

Аслида ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш бозорида импорт қилинган металл парчалари ва бошқа металл маҳсулотларидан фойдаланиб фаолият юритаётган 1,2 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд.

Металл парчаларини қабул қилиш эса фақатгина «Ўзметкомбинат» АЖнинг тизимидаги «Иккиламчиқораметаллар» бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Қора металл парчалари ва чиқиндиларининг харид қиймати паст бўлгани боис тадбиркорлар ва аҳоли уларни «Ўзметкомбинат» АЖ таклиф этаётган нархларда топширишдан манфаатдор эмас.

Қолаверса, Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 1 июнидан йил охиригача «Ўзметкомбинат» АЖда ишлаб чиқариладиган товарларнинг аналогини республикага импорт қилишнинг тақиқланиши ҳам рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бунинг оқибатида қурилишда ишлатиладиган металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқаришни тўхтатиши ва натижада иш ўринлари йўқотилиши мумкин.

«Ўзметкомбинат» АЖда мавжуд имтиёз ва преференциялар бозорнинг бошқа иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароит яратмоқда. Шунингдек, унда катта миқдордаги соҳага тааллуқли бўлмаган активларнинг мавжудлиги молиявий маблағлар ва вақт ресурсларининг нотўғри йўналтирилишига олиб келмоқда.

Яқинда қўмитамиз томонидан Монополияга қарши курашиш қўмитасида ташкил этилган видеоконференсалоқа тарзидаги сайёр мажлисда ана шу масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Улар экспертлар томонидан соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокида батафсил муҳокама қилинди. Якунда бу бўйича қўмитамизнинг тегишли қарори қабул қилинди. Шу билан бирга, белгиланган чораларнинг ўз вақтида ижро этилиши устидан парламент назорати ўрнатилди.

Ўйлаймизки, мазкур масалаларнинг ижобий ҳал этилиши фуқароларга қулайлик яратиши билан бирга, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шундай экан, биз, сенаторлар мазкур масалаларга ечим топишда соҳа мутасаддиларига камарбаста бўлиш талаб этилади.

Санобар СУЯРОВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?