«Рақамли Ўзбeкистон: қишлоқ хўжалиги ҳакатон-2022» ёш дастурчилар танлови бўлиб ўтди

18:41 16 Ноябрь 2022 Жамият
458 0

Фото: "Халқ сўзи"

Андижонда ёш дастурчилар ўртасида «Рақамли Ўзбекистон: қишлоқ хўжалиги ҳакатон-2022» танлови ташкил этди.

Танлов Андижон вилояти ҳокимлиги, Андижон шаҳридаги Digital City технологиялар парки, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агросаноатни рақамлаштириш маркази» давлат муассасаси, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) билан ҳамкорликда ўтказилди.

БМТнинг Тинчлик ўрнатиш фонди томонидан молиялаштирилган ФАО/UNFPA «Ўзаро ҳамкорлик орқали Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» қўшма лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур танлов чегарадош ҳудудлардаги ёшлар ва аёллар ўртасида ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар орқали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Ҳакатонни ўтказишдан асосий мақсад — вилоятда ёш авлоднинг АКТ ва стартап лойиҳаларига қизиқишини янада ошириш, изланувчан ва иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича энг яхши АКТ ечимларини танлаш ва жорий этишда кўмаклашишдир.

Тадбирда яхшироқ ва барқарор озиқ-овқат тизимларини яратиш, қишлоқ тараққиётини ривожлантириш, ҳамкорлик платформаларини ривожлантиришга қаратилган ғояларни тақдим этган ёшлар жамоалари иштирок этди. Ҳакатон, шунингдек, қишлоқ ёшлари ва қизлари овозини ифодалаш учун платформа бўлиб хизмат қилди, улар тенгдошлари билан мулоқот қилиш ҳамда фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.

— 2022 йил 17 —21 октабр кунлари ФАОнинг Рим шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистон ёшлар миллий делегацияси иштирокида ўтказилган Бутунжаҳон озиқ-овқат форумида таъкидланганидек, бугунги кун етакчилари ёш авлод фикрини тинглаши зарур, — деди ФАОнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Ёшлар энергияси бизнинг озиқ-овқат тизимларимизни ўзгартириш учун жуда муҳим ва бугунги ёшлар қарор қабул қилиш марказида бўлиши керак. Сизнинг орзуларингиз аниқ ва амалий ҳаракатларга айланиши учун Агро-ҳакатон иштирокчиларини дадил ва қатъий ҳаракат қилишга чақирамиз. Умид қиламанки, ёшларнинг энг ёрқин ғоялари эшитилиб, янада ривожланиб, ёшларимиз Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имконини беради.

UNFPAнинг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю таъкидлашича, қўшма лойиҳа доирасида ташкил этилаётган ҳакатон ривожланишнинг баъзи муҳим муаммоларига ечим топиш учун жуда инновацион ёндашув ҳисобланади. Ёш дастурчилар учун ушбу ҳакатон инновацион ечимларни топишда яхши бошланиш бўлади ва бутун Ўзбекистондаги бошқа иқтидорли ёш IТ мутахассисларини илҳомлантиради. Шунингдек, у танловнинг финал босқичига қабул қилинган лойиҳалар жуда кучли ва сифатли бўлганини алоҳида эътироф этди.

Мусобақа икки босқичда ташкил этилди. Биринчи босқич 2022 йил 5 — 25 октябрь кунлари иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш ва комиссия томонидан истиқболли деб топилган лойиҳаларни онлайн суҳбат асосида саралашдан иборат бўлди. Иккинчи босқич 12 — 14 ноябрь кунлари «Digital City» технопарки биносида офлайн режимда ўтказилди ва дастурчилар танловда жамоавий ёки якка тартибда иштирок этишди.

Якунда Қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш муаммоларига АКТ ечимлар топиш, Қишлоқ хўжалигида аҳоли, хусусан аёллар ва ёшларнинг бандлигини ошириш бўйича инновацион лойиҳалар каби номинацияларда ғолиблар аниқланди.

Баҳолаш босқичидан сўнг ҳакатон ғолиблари аниқланди ва улар  ноутбуклар билан тақдирланди. Шунингдек, 3 та лойиҳа танлаб олинди ва тез орада уларни амалга ошириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ёки дастурий таъминот билан таъминланади. Ҳар бир лойиҳага 100 миллион сўм ажратилди. Мукофот фонди ФАО ва UNFPA ташкилотлари томонидан тузилган. 

Ҳакатоннинг бошқа иштирокчилари фаоллиги учун сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер