«Ралли-Мўйноқ – 2022» ғолибларига пул мукофотлари топширилди

14:55 06 Июнь 2022 Жамият
270 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида «Ралли Мўйноқ-2022» автомотоспорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ҳамкорлигидаги ушбу анъанавий тадбирнинг тантанали очилишида сўзга чиққанлар Оролбўйидаги олис ҳудудда туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб этиш мақсадида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди.

«Ралли Мўйноқ-2022» мусобақаларида Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистондан жами 132 нафар автомотоспорт усталари иштирок этди. «А-8» ва «А-9» автомобиль класслари бўйича мусобақада спортчилар Мўйноқ тумани маркази - Орол денгизининг ҳозирги соҳилигача 415 километр оралиқдаги масофани босиб ўтдилар. Мототцикл ва «Багги» бошқарувидаги кросс пойгаси ҳам қизғин кечди.

Куни кеча мусобақанинг белгиланган йўналишларида ғолиб бўлган спортчиларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган пойга усталарига пул мукофотлари топширилди.

Маросим санъаткорлар ижросидаги концерт дастури билан якунланди.

Маълумот учун. Мўйноқ туманида «Ралли Мўйноқ» мусобақаси илк бор 2019 йилда ўтказилиб, унда Орол денгизининг қуриган туби ва Устюрт текислигидан ўтадиган ралли маршрутининг дастлабки масофаси 363 километрни ташкил этган эди. 2020 йилда карантин туфайли ушбу мусобақа қолдирилган бўлса, ўтган йили «Ралли Мўйноқ-2021» ғолиблари «Некция» ҳамда «Спарк» автомобиллари билан тақдирланган эди.

Ғ.Отажонов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер