"Раҳбарлар ўз зиммаларидаги вазифалар ва уларнинг ижроси тўғрисида жамоатчилик, айниқса, ОАВ билан доимий, очиқ мулоқотда бўлишлари шарт"

16:18 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
425 0

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси Раиси Танзила Норбоева «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг вазирлик, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ижро этилиши тўғрисидаги масаланинг долзарблигини таъкидлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларнинг барчаси очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асослангани тўғрисида сўз юритди.

– Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги масаласи бир қатор халқаро рейтингларда ҳам баҳолаб борилади, – деди Сенат Раиси Т.Норбоева. – Айниқса, Жаҳон банкининг Бошқарув сифати индикаторларидаги кўрсаткичларимиз жуда паст. Масалан, «Аҳоли фикрини ҳисобга олиш ва ҳисобдорлик» таркибий индикаторида 214 та мамлакат орасида республикамиз 190-ўринни, «Тартибга солиш сифати» индикаторида – 182-ўринни, «Ҳукумат самарадорлиги» индикаторида эса 138-ўринни эгалламоқда.

Албатта, давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича ишлар бошланган. Олиб борилган чуқур таҳлиллар ҳамда муҳокама қилинаётган Қонун талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги тизимини ташкил этиш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди. Фармон лойиҳасида қатор масалалар ва маълумотларни очиқлаш, яъни мажбурий тартибда эълон қилиш тартиби ўрнатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бир ҳақиқатни кўп такрорлайдилар: бугун халқимиз кечаги халқ эмас. Бугун сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигини ҳар жабҳада кўриш мумкин. Бунда, табиийки, ахборотга бўлган талаб ошади. Айниқса, давлат ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ маълумотларнинг очиқ ва шаффоф бўлиши муҳим.

Таъкидлаш жоизки, давлат идораларининг ахборот хизматлари раҳбарлари раҳбарнинг биринчи ўринбосари мақомига эга. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам бунинг нечоғлик катта масъулият эканлигини тўлиқ англаб етмаяпти. Кўпчилик матбуот котиблари ҳамон эски қолиплардан чиқолмаяпти. Веб-сайтларни юритишга масъул бўлган ходимларнинг билим-савияси етарли эмас. Маълумотларни креатив усулларда, ҳаммабоп тарзда етказиб беролмаяпти. Шу боис, бундай кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Ўтказилган ўрганиш ҳам мазкур соҳада ҳали етарлича муаммолар борлигини яққол кўрсатмоқда. Жумладан, вазирлик ва идоралар кесимида вазиятга қарасак, бу ерда ҳам етарлича муаммолар бор. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мисолида қарасак, вазирлик ОАВ юборган 47 та мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдирмаган. Ёки вазирлик веб-сайтида очиқ танловлар (тендерлар), ишлаб чиқилган қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар лойиҳалари, ўтказиладиган мажлислар кун тартиби, режаси, унда қатнашиш тартиби жойлаштирилмаган ҳамда бир нечта рукнлар янгиланмаган.

Ўйлайманки, ушбу ўрганиш натижаларидан вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарияти ўзларига тўғри хулоса чиқаради.

Мутасадди раҳбарлар ўз зиммаларидаги вазифалар ва уларнинг ижроси тўғрисида жамоатчилик, айниқса, ОАВ билан доимий, очиқ мулоқотда бўлишлари шарт. Шундагина, турли асоссиз, ноўрин, нохолис танқидлар ва ёлғон хабарларнинг олди олинади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?