«Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт»

10:27 18 Январь 2021 Жамият
857 0

«Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Таълим-тарбия ва илм-фан тараққиёти ҳар қандай мамлакатнинг эртанги кунини, истиқболини белгилаб берувчи асосий мезондир. Юртимизда бу борада шиддатли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳада туб бурилишларга эришилмоқда. Мазкур йўналишдаги барча саъй-ҳаракатлар таълим сифати ҳамда илм-фан натижадорлигини таъминлашга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Қўқон университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод ­МУСТАФОҚУЛОВ билан суҳбатимиз маорифдаги туб ўзгаришлар, эришилган ютуқ ҳамда муаммолар хусусида кечди.

— Суҳбатимиз аввалида университетнинг ташкил этилиши, таълим бериш методикасининг ўзига хос жиҳатлари хусусида тўхталсангиз...

— Бизнинг таълим муассасамиз Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 августдаги “Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори асосида иш бошлаган бўлиб, Қўқон шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи олий ўқув юрти ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги турли таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратиляпти. Нима учун? Чунки бу тизим ишга солинса, таълимда туб ўзгаришлар бўлади, ўзаро соғлом рақобат муҳити шакл­ланади. Рақобат бор жойда эса ­ривожланиш ­кузатилади.

«Биз ҳам бошқалардан кам эмасмиз» деган ижобий маънодаги фикр пайдо қилади ва бу, ўз навбатида, олий ўқув юртлари бўладими, мактаб ёки мактабгача таълим муассасаси бўладими — таълим сифатининг ошишига олиб келади. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Университетимиз ҳам ана шу нуқтаи назардан олиб қараганда, ўз вазифаларини тизимли амалга ошириб келмоқда. Хусусан, жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, олий маълумотли рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, ўқув жараёнининг илмий тадқиқот ­фаолияти билан узвий боғлиқлигини кучайтириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакат ҳудудларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича барча зарур чорани кўряпмиз.

Шу билан бирга, университет олдига бир қатор муҳим вазифалар ҳам қўйилганди. Жумладан, Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга, дунёнинг нуфузли ўқув муассасаларининг дастурларини амалга жорий этиш. Қолаверса, республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эҳтиёжларини назарда тутиб, мутахассис тайёрлаш, хорижликлар билан тажриба алмашиш ҳам эътиборимизда.

Ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш, таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ҳамда техниканинг янги ютуқларини жорий этиш ­асосий масалалардан биридир.

Фан-техника тараққиётининг шиддат билан ўсиб бориши мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илмий тадқиқотлар аҳамиятини янада кучайтирди. Жаҳоннинг етакчи мамлакатлари томонидан илмий-техник равнақнинг фундаментал асоси бўлган аниқ фанлар ­юксалишини рағбатлантириш ҳамда иқтидорли ёшларни кашф қилиш бўйича ўзига хос селекцияни амалга ошириш мақсадида ­инвестицион дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилмоқда. Бу ютуқларимиз ­мезони ­бўлади.

Ҳозирги кунда нодавлат олий таълим ташкилотимиз замонавий коммуникация технологиялари, ўқув ва илмий адабиётлар, компьютер техникаси билан таъминланган. Ўқув жараёнига таълим технологияларини йўналтириш ишларига ҳам алоҳида урғу беряпмиз. Университетга танлов асосида малакали профессор-ўқитувчилар жалб қилингани кўзланган мақсадларимизга эришишда қўл келяпти.

Бундан ташқари, ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида университет гранти бўйича абитуриентларни ўқишга қабул қиляпмиз. Бу ҳам ижтимоий ҳимоя масаласига аҳамият қаратилаётганидан далолатдир.

— Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таълимни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилди, шундай эмасми?

— Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг парламентга ва шу орқали халқимизга йўллаган Мурожаатномасида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, айниқса, илм-фан, таълим соҳасини янги поғонага олиб чиқиш, ёшларнинг иқтидори ҳамда салоҳиятини тўғри йўналтиришга қаратилган узлуксиз тизим яратилиши юзасидан жуда кўп таклифлар илгари сурилди.

Мурожаатномада жорий йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, ­математика, ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 197 та мактаб ўз фаолиятини ­бошлаши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Қувонарлиси, ўтган йили илк бор математика, кимё-биология ҳамда геология фанлари таълим ва илмнинг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, уларни комплекс ривожлантириш чоралари кўрилгани кўплаб ютуқларга асос бўлди. Жумладан, салкам юзга яқин ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Ўқув дастурлари тубдан қайта кўриб чиқилиши билан бирга, профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи ҳам оширилди. Буларнинг барчаси таълим фидойиларига мотивация беряпти.

Шу нуқтаи назардан, мазкур муҳим ҳужжатда 2021 йил учун устувор илм-фан йўналишлари аниқ белгилаб берилгани бизнинг фаолиятимизда дастуриламал бўлмоқда, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Талаба-ёшларнинг иқтидори ҳамда салоҳиятига қараб, уларни тўғри йўналтириш бўйича узлуксиз тизим «занжири»ни яратиш борасида ишлар олиб боряпмиз.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мурожаатномада аниқ фанларни ривожлантириш, ёшларнинг ­билимга, илмга ва инновация янгиликларини яратишга бўлган қизиқишларини кучайтириш юзасидан ҳам жуда долзарб ғоялар ўртага ташланди. Айни чоғда, физика бўйича Аҳмад ­Фарғоний номидаги халқаро фан олимпиадасини ташкил этиш тўғрисидаги фикрлар кўпчиликка ғоят маъқул тушди. Сабаби у талаба-ёшларнинг билимини янада оширишга хизмат қилади. Ўғил-қизлар ушбу йўналишда ўтказиладиган танлов ва мусобақаларда ғолиб бўлиш учун ўз устида ишлайди ҳамда олдинга интилади. Қаранг, бунинг аҳамияти қанчалик муҳимлиги биргина шу мисолларда ҳам намоён бўляпти...

— Давлатимиз раҳбари таълим муассасаларида аниқ фанларни чуқур ўқитиш ҳақида ­кўп таъкидлайди. Бунинг ҳаётий зарурати нимада деб ўйлайсиз?

— Биласизми, айрим йўналишларнинг чуқур ўқитилиши талаба-ёшлар учун жуда зарур. Дейлик, математика. У жуда кўп фанларга йўл очади. Унинг асосий вазифаси фақатгина ҳисоб-китобни ўргатишдангина иборат эмас. Ўқувчиларни фикрлаш, мия имкониятларини ишга солиш, тафаккур қилишга ундайди. Масала ва мисоллар кичик тўсиқ бўлса, математика келажакда бундан-да катта ғовларни енгиб ўтишга ёрдам беради, ўқувчини алгоритм, яъни тартибга, тўғри ва нотўғрини ажратишга ўргатади.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбарининг эътибори билан математика фанини ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш бошланди. Бу борада турли олимпиадаларни ташкил этиш, мунтазам ўтказилишини анъанага айлантириш бўйича ҳам университетимизда муайян ишлар амалга ошириляпти.

Чунончи, Мурожаатномада белгиланган вазифаларни, хусусан, аниқ фанларни ривож­лантиришга оид таклифларни амалиётга кенг татбиқ этиш, иқтидорлиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида университетимизда республика умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида математика фанидан “Қўқон олимпиадаси"ни уюштирмоқчимиз. Бу борада “Қоракўл зиё" нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Айтиб ўтишим лозимки, мазкур “Қўқон олимпиадаси" хусусий сектор вакиллари томонидан илк маротаба ташкил этилмоқда. Шуни инобатга олиб, бунинг замирида келажакда юртимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини янги босқичга кўтариш мақсад қилинган. Қолаверса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият орасида, хусусан, илм-фан оламида ўзига хос нуфузини оширишга хизмат қиладиган истеъдодли ёшларни кашф этиш ҳам кўзда тутилган.

Зеро, мамлакатимиз раҳбарининг янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича даъватлари, яъни «Янги Ўзбекистон — мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади», деган эзгу ғоясини амалга ошириш барчамизнинг, жумладан, соҳага дахлдор бўлган ҳар қандай кишининг бурчи ҳисобланади.

Яна шуни айтиш жоизки, университетимизда ўтказиладиган “Қўқон олимпиадаси" ёш математикларни аниқлаш ва уларнинг юксак парвозига замин яратувчи ўзига хос пиллапоя вазифасини ўтайди, десак, муболаға бўлмайди. Шундай экан, уни ўқувчилар интиқиб кутадиган ақлий беллашувлардан бирига айлантириш учун барча чорани кўрамиз. Бунга им­кониятларимиз етарли.

Зотан, бундай фан беллашувлари келгусида билимдон ёшлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Математикадан билими юқори бўлган авлод билан эса давлатимиз барча жабҳада юқори натижаларга янада тезроқ эришади.

— “Қўқон олимпиадаси"да кимлар қатнашиши мумкин? Шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз...

— “Қўқон олимпиадаси" умумтаълим мактабларининг 5, 6, 7, 8, 9 ва 10, 11-синфлари, академик лицейларнинг 1, 2-босқич ўқувчилари ўртасида ўтказилиши кўзда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ­ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, нодавлат ўқув даргоҳларининг 5 — 11-синф ўқувчилари ҳам қатнашишлари мумкин.

Олимпиада икки босқичда ташкил этилиб, ҳудудий босқич вилоятлар кесимида жорий йилнинг 14 февраль куни Давлат тест маркази томонидан махсус тузилган тестлар асосида амалга оширилади.

Бунда ўқувчилар ихтиёрий равишда қатнашади. Иштирокчилар www.olimpiada.kokanduni.uz сайти орқали 10 февралга қадар онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари лозим бўлади.

Республика босқичи эса Қўқон университетида шу йилнинг 13-14 март кунлари ўтказилади. Якунловчи босқичда Давлат тест маркази жавоблари асосида ҳар бир ҳудуддан энг юқори балл тўплаган 5 нафар ўқувчи-номзод танлаб олинади.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур босқич “Қоракўл зиё" нодавлат таълим муассасаси мутахассислари, яъни турли йилларда математикадан халқаро ва республика олимпиадалари совриндорлари томонидан тузилган икки поғонали тест усулида танлов асосида ташкил этилади. Ушбу олимпиада инвестицион мотивация асосида ёш математикларнинг селекциясини амалга ошириш, уларнинг билимларини синовдан ўтказиш, нуфузли олий ўқув юрт­ларида таҳсил олишларига кўмаклашиш ҳамда шу асосда техника тараққиётининг жадаллашишига замин яратади, деб ишонамиз.

— Рағбат — одамни янада фаолликка етаклайди. Шундай экан, ушбу олимпиада ғолибларини қандай ­совғалар кутмоқда?

— Тўғри айтасиз. Рағбат — ёшларни илм оламида майдонни янада кенг олиб, ўқиб-ўрганишга ундайди. Олимпиада ғолибларини муносиб мукофотлаш режамизда бор. Шу мақсадда биринчи гуруҳ (5, 6, 7-синфлар) ўқувчи-талабгорлари ўртасида биринчи ўринни қўлга киритган номзодга «Нексия» автомобили, иккинчи гуруҳ (8, 9-синфлар) ўртасида биринчиликни эгаллаганга ҳам «Нексия», учинчи гуруҳда (10, 11-синфлар, академик лицейнинг 1, 2-босқич) биринчилик учун эса «Кобальт» автомобили ­совға қилинади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Барча гуруҳ бўйича биринчи ўнталик рўйхатидан жой олган номзодларга Қўқон университетида грант асосида ўқишга қабул қилиш «Инвестицион ваучер»и тақдим этилади. “Қоракўл зиё» нодавлат ўқув муассасаси томонидан эса гуруҳлар бўйича 1, 2, 3-ўринни қўлга киритган ўқувчи-номзодларга математика ҳамда бошқа фанлардан қўшимча билим олиш ҳуқуқини берувчи бир йиллик бепул ўқиш бонуси ҳам тақдим этилади. Қуйи синф ўқувчилари ғолибликни қўлга киритса, улар илм-фанга йўналтирилиб, тизимли равишда университетга тайёрлаб борилади. Энг асосийси, олимпиада натижаларини баҳолашда, ғолибларни аниқлашда, албатта, адолат мезонлари устувор бўлади.

Дарвоқе, “Қўқон олимпиадаси"ни ташкил этиш ва ўтказиш орқали ёшлар орасида «Билим — инсонни улуғлайди», деган шиор кенг тарғиб қилиниши билан бирга, ғолибларнинг эришган ютуқларини жамоатчилик ўртасида ­ёритиш эвазига ўғил-қизларга янада кўпроқ ­мотивация бериш ҳам мақсад қилинган. Бу эса ўқувчи-ёшлар, талабалар орасида илм олишга бўлган қизиқиш ва интилишларини янада ­кучайтиради.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаган, яъни буюк мутафаккир шоиримиз ­Алишер Навоийнинг ўз даврида ёшларга қарата айтган қуйидаги мурожаати кўз олдимга келди: “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт".

Зеро, инсонларга қуёш каби зиё нурини та­ратишни, яхшилик қилишни истайдиган ҳар бир фуқаро келажакка, камолотга интилиб, илм ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши лозим. Бу олдимизга энг катта мақсад қилиб қўйилган — мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ҳамда унга эришишимизда ғоят муҳим.

Раҳим ШEРҚУЛОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?