Қуёш панеллари оилага катта даромад келтирмоқда
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Денов туманида Жасур Хандалов янги уй қуриб, унинг том қисмига келажаги учун капитал бўла оладиган даромад манбаи — қуёш панелларини ўрнатишни афзал кўрди.
— Туманимизда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш бўйича корхона фаолият юритаётгани ҳақида эшитган эдим, — дейди Ж. Хандалов. — Шу корхонага мурожаат қилдим. Масъул ходимлар хонадонимни ўрганиб, 60 кВт қуёш панелларини таклиф этишди. Шундан кейин 50 кВт онгрид, 10 кВт гбрит инверторларини ўрнатишди. Айни пайтда хонадонимиз истеъмолидан ташқари кунлик ишлаб чиқарилаётган 180-200 кВт электрни давлатга сотаяпмиз. Ўтган ойда 5 миллион сўмлик электр сотдик. Бу оиламиз учун зўр даромад манбаига айланди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаол фойдаланишини рағбатлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бундай қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, уларга сервис хизмат кўрсатиш борасида молиявий кўмаклар, шунингдек, ўрнатилган ускуналар эгаллаган ер майдонларига солиқ имтиёзлари жорий этилди.
Биргина Сурхондарё вилояти мисолида қарайдиган бўлсак, аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш ҳар доимгидан жадаллашди. Энг муҳими, одамлар ушбу ислоҳотлар мазмун-моҳиятини тўла англаб етмоқда. Маълумотга кўра, ўтган йилда вилоятда 5 минг 900 га яқин иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларда қайта тикланувчи электр манбалари ўрнатилган. Ҳозир вилоятда қуёш панелларини ўрнатиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш бўйича 10 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Қуёш панеллари ўрнатган 571 та юридик истеъмолчилар томонидан бугунги кунгача яшил энергия платформаси орқали ҳудудий электр тармоқлари акционерлик жамиятларига 3 миллион 251 минг 112 кВтсоат электр энергияси сотилган.
Аҳолининг кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатишга қизиқиши ҳам ортмоқда. Жумладан, ўтган йилда вилоятнинг Сариосиё туманида 468 та, Термиз туманида 355, Узунда 422, Термиз шаҳрида 267, Жарқўрғон туманида 337 та хонадонда қуёш панелларидан фойдаланиш йўлга қўйилди.
Қуёш панелларининг қулай ва ишончли электр қуввати эканини чуқур англаётган Бойсун, Шўрчи, Қизириқ, Олтинсой, Денов, Ангор каби туманлар хонадонларида ҳам кичик қувватдаги қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтиш жадаллашмоқда.
Бугунги кунда Ангор туманида 200 га яқин хонадон қуёш панелларидан фойдаланмоқда. Улар сафида эҳтиёжидан ортиқ электр энергиясини маҳалладошларига узатиб, қўшимча даромад олаётган тадбиркорлар ҳам бор. Масалан, Ангор маҳалласидан тадбиркор Ҳасан Бегимов хонадонига ўрнатилган кичик қувватдаги қуёш панеллари ойига яхшигина даромад келтирмоқда. Бунинг учун тадбиркор 300 миллион сўм ўз маблағини сарфлаб, тижорат банкидан 300 миллион сўм имтиёзли кредит олган.
— Қуёш панелидан даромад топиш учун бир марта сармоя киритсангиз бас, — дейди Ҳ. Бегимов. — Бу маблағ эвазига қуёш панели, инвертор, энергия ҳисоблагич харид қилинади. Уларни ўрнатиб олгач, фақатгина қуёшдан электр энергиясини қабул қилиб олиб, ортиқчасини истеъмолчига сотиш керак. Ақлли ҳисоблагич ўзи ҳисоблаб, тармоққа қанча электр энергияси етказиб берилаётгани ва қанча сўм бўлаётганини кўрсатиб туради. Буни истасангиз қўл телефонингизга, хоҳласангиз компьютерга ўрнатиб оласиз. Ҳар ойнинг 25-кунида ҳисобингизга электр энергияси пули келиб тушаверади.
Ҳозир хонадонига қуёш панелларини ўрнатган тадбиркор бир кунда тармоққа эҳтиёжидан ортган 1 минг 80 кВт электр энергиясини етказиб бермоқда. Ҳар ойда бу 32 минг 400 кВТни ташкил этаётир. Шу ҳисобда хонадон соҳиби бир ойда 32 миллион 400 минг сўм даромад олмоқда. Бу маблағнинг 8 миллион 166 минг сўми банк кредитига тўланяпти. Тадбиркорга 24 миллион 233 минг сўм соф фойда қолмоқда.
Дарвоқе, қуёш панеллари ўрнатиш истагидаги фуқаролар имтиёз асосида молиявий қўллаб-қувватланмоқда.
— Соҳага доир ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда тижорат банклари томонидан 5 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан кредит маблағлари ажратиб келинмоқда, — дейди Марказий банкнинг Сурхондарё вилоят Бош бошқармаси ходими Ўрозали Раимов. — Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 148 та тадбиркорлик субъектларига 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ажратилди. Бундан ташқари, 1 минг 300 дан ортиқ аҳоли хонадонлари учун 32 миллиард сўм кредит маблағлари берилди.
Биламизки, тадбиркор ва ишбилармонларни ҳар доим ишлаб чиқарган маҳсулоти реализацияси ёки харидор топиш масаласи ташвишга солади. Қуёш панелларини ўрнатиб, ўзи учун даромад манбаларини шакллантириш истагидаги юридик ва жисмоний шахслар эса мана шу ташвишдан холи. Чунки қуёш панеллари ёрдамида ишлаб чиқарилган электр энергиясини давлат томонидан сотиб олиш амалиёти йўлга қўйилган.
Мамлакатимиз жануби серқуёш. Шуни ҳисобга олган масъуллар табиатнинг ушбу неъматидан қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришда унумли фойдаланишга алоҳида эътибор билан ёндашган. Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳани янада жадаллаштириш борасидаги топшириқ ва кўрсатмалари эса соҳа ривожини янада жадаллашига хизмат қилиши шубҳасиз. Зеро, яшил энергетиканинг тараққий этиши бугунги шароитда мамлакат энергетика тизимига тушаётган улкан юкламани камайтириб, аҳолини узлуксиз энергия билан таъминлайди. Бу эса, ўз навбатида, одамлар турмуш фаровонлигини оширади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг