Қурилиш соҳасида талаблар кескин кучайтирилиши керак. Бу соҳада энг танланганлар ишласин — А.Қодиров

08:37 05 Февраль 2021 Жамият
394 0

"Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров кеча Бухорода рўй берган бахтсиз ҳодиса ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. 

"Бухорода қурилиши давом этаётган бинода қурувчи компаниянинг иш ташкил қилишдаги хатолари туфайли содир бўлган портлаш яна бир бор мамлакатимизда қурилиш соҳасини такомиллаштириш, қурувчилар ва қурилиш сифатига талабларни кучайтириш заруратини кўрсатди.

Ўзбекистонда сўнгги 4 йилда қурилган уй-жойлар бутун советлар даврида қурилган уй-жойдан 5 баробар кўп. Бу жуда катта ўсиш, иш ҳажми ва аҳоли учун иш ўрни. Аҳолининг йиллар давомида кўриб кўрмасликка олиб келинган эҳтиёжи қондирилмоқда. Лекин бу жиддий масъулият ҳамдир.

Бугун Ўзбекистон қурилиш бозорида 20 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг кўп қисмини белгиланган талабга жавоб бериши, хавфсизлик ва сифатни таъминлаётганига ишончимиз комил бўлиши керак. Айниқса ҳудудларда бу соҳа коррупция ботқоғига ботиб кетмаган деб баралла айтолмай қоляпмиз.

Яқинда Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун билан Маъмурий жавобгарлик Кодекснинг 99-моддасига қўшимча киритилди. Унда қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг бошлиғи ва унинг ҳудудий инспекция бошлиқларига қурувчи компаниялар томонидан қурилиш талабларини бузаётганлиги учун жарима солиш тариқасида маъмурий жазо чорасини қўллаш, зарур бўлса қурилишни тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилмоқда. Лекин, инспекциялар ҳам бу қадар катта ҳажмни малакали ва ҳалол кузатувини олиб борадилар деб кафолат бериш қийин.

Қурилиш соҳасида талаблар кескин кучайтирилиши керак. Бу соҳада энг танланганлар ишласин. Майли, айрим ҳолларда тадбиркор вақтдан ютқазсин, фойдаси камайсин, лекин фуқаролар масъулиятсизлик ва беэътиборликдан жабр кўрмасинлар" деб ёзади А.Қодиров.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?