ҚҚСни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими дастурий маҳсулотлари тақдим этилди

19:07 27 Ноябрь 2021 Жамият
734 0

Давлат солиқ қўмитаси томонидан Наманганда  “Солиқ маъмурчилигининг самарасини ошириш орқали тадбиркорларга тенг рақобат шароитларини яратиш” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев, қўмита Жамоатчилик маслаҳат кенгаши аъзолари, солиқ маслаҳатчилари, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Анжуман авввалида таъкидланганидек, мамлакатимизда  тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган  ислоҳотлар натижасида бугунга келиб  ҚҚС тўловчилари сони 2016 йилга нисбатан 20 бараварга ўсди ёки 138 мингтани ташкил этмоқда. Ҳудди шундай, фойда солиғи тўловчилари сони ҳам 18 бараварга ўсди. Ўзини ўзи банд қилган шахслар  бир миллион  нафардан ошди. Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар шарофати билан Ўзбекистон солиқ соҳасида ижобий ўзгаришларга эришаётган давлатлар рўйхатида ТОП-20 таликка кирди. Шунга қарамай,  солиқ маъмурчилиги бўйича мукаммал тизим яратилмас экан, “хуфиёна иқтисодиёт”га қарши курашиш масаласи долзарблигича қолмоқда.  Бунинг энг тўғри ва ягона ечими – солиқ маъмурчилигининг барча йўналишларига автоматлаштирилган ахборот тизимларини жорий этишдир.

Давлат солиқ хизмати органлари тизимида бу борада салмоқли қадамлар ташланмоқда. Жумладан, қўмита  маълумотларни қайта ишлаш марказининг қуввати ўтган йилга нисбатан 8, ахборотни қайта ишлаш тезлиги эса 29 бараварга ошди. Рақамлаштириш натижаларига кўра, ҳозирда солиқ тўловчиларнинг 95 фоизи  мажбуриятларини ўз вақтида ихтиёрий бажармоқда.

Айтиш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг жорий  йил  22 сентябрда  қабул қилинган 595-сонли қарори солиқ маъмурчилигининг янги босқичини бошлаб берадиган концептуал ҳужжат сифатида муҳим аҳамият касб этади. Унда учта асосий янгилик мавжуд. Чунончи, қўшилган қиймат солиғи тўловчиларини солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш солиқ хавфини баҳолаш асосида амалга оширилади.

Янги тартибга кўра, жорий йилнинг 22 декабридан бошлаб қўшилган қиймат солиғи бўйича махсус рўйхатдан ўтказишда солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи даражаси ўрганилади. Махсус рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар 7 кун ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқишнинг биринчи босқичида солиқ тўловчиларнинг солиқ хавфи автоматлаштирилган тизим орқали ўрганилади ва натижаларга кўра улар солиқ хавфининг юқори, ўрта  ёки паст даражалари бўйича тоифаларга ажратилади.

Кейинги янгилик тадбиркорларнинг активларни ҳисобга олишнинг янги механизми – “Е-aktiv” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилиши билан боғлиқ. Ушбу  тизим солиқ органларига асосий воситалар, номоддий активлар ва товар-моддий ресурслар ҳисобини юритиш, таҳлил қилиш, уларнинг ҳаракатини масофадан ҳисобга олиш, ҳар бир омбор кесимида кирим-чиқим қилинган ёки қолдиқ товарлар рўйхатини шакллантириш имконини беради.

ҚҚС тўловчилар ва устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган юридик шахслар 2022 йил 1 январдан “Е-aktiv” ахборот тизимидан фойдаланиши мажбурий ҳисобланади.

Учинчиси, ижара муносабатларининг янги тизими – "Е-ijara " дастурини ишга туширишдир. Айни мақсадда  юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш учун “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш” – “Е-ijara” электрон хизмати яратилиб, “ijara.soliq.uz” интернет манзилида синовдан ўтказилмоқда.

Бундан ташқари матбуот анжумани давода электрон ҳисоб варақ-фактура  ҳамда маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди тизимида амалга оширилаётган янгиликлар, хусусан, тизимдан фойдаланиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида киритилаётган ўзгаришлар ҳақида батафсил  маълумот берилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.    

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?