Қўша қариш саодати

20:30 23 Февраль 2023 Жамият
407 0

Фото: Халқ сўзи

Нуроталик Абдужаббор ака Ҳамроев ва Ўразой Ҳамроева бугун ҳаётларининг 72 баҳорини қарши олишмоқда. Эллик уч йилдирки, бир-бирига елкадошу суянч бўлган бу инсонларнинг умр йўли, оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраб-авайлаб келаётгани ҳозирги кўплаб ёшлар учун ибрат мактабидир, десак янглишмаймиз.

Бугун эса улар қўша қариш саодатига муяссар оила сифатида Навоий вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирига таклиф қилинган.

— Ушбу тадбирга оила қурганига эллик йилдан ошган кексалар билан бир қаторда оиласида бироз нотинчлик ҳукм сўраётган ва энди оила қуриш арафасидаги ёшларни ҳам таклиф этдик, — дейди Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Навоий вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари С. Истамов. – Мақсад нуронийларимизнинг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги ҳаётий тажрибаларини, ўгитларини ёшлар онгига сингдиришдан иборат.

Таъкидлаш жоиз, оила ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва тотувлик асосига қурилсагина, ундаги муҳит соғлом бўлади. Бундай оилада вояга етаётган фарзандлар, шубҳасиз, маънавий-руҳий баркамол бўладилар. Шу жиҳатдан Навоий вилоятидаги статистикага эътибор қаратсак, ҳар саккизинчи никоҳнинг икки-уч йил ўтиб бекор қилинаётгани ташвишланарли ҳолдир. «Қўша қариш саодати» номи остида ўтказилган ушбу тадбир эса ажрашиш арафасидаги ўнта оиладан бирини сақлаб қолса, шу ҳам катта натижа.

Тадбирда нуроний оила соҳиблари ўзларининг мураккаб ҳаёт йўлларини ҳикоя қилиб, чунончи, «Оиладаги иқтисодий етишмовчилик турли нохушликларга сабаб бўладими?» деган савол атрофида ўз мулоҳазаларини баён этишди.

— Эллик уч йиллик турмушимиз силлиққина кечди, дея олмайман. Айниқса, мустақилликнинг дастлабки йилларида оиламизда етишмовчилик кўп бўлди, — дейди Абдужаббор ака Ҳамроев.  — Ўзим ўқитувчиман, эллик йиллик стажим бор, етти фарзандимизнинг олти нафари ўғил, фақат кенжамиз қиз. Рафиқам бола-чақадан ортиб ишлай олмади. Табиийки, мен топган даромад еб-ичишга учма-уч етарди. Агар мен шундай вазиятда ичкиликка ружу қўйсам ёки бошқа ёмон йўлларга кирсам, оиламизни сақлаб қолишга фақат ўзаро меҳр-муҳаббатнинг ўзи етарли бўлмасди. Худога шукр, қийинчиликлар ортда қолди, фарзандлар вояга етиб, оғир кунлар тушдай эсдан чиқди.

Тадбир ниҳоясида пиру бадавлат отахону онахонларга ташаббускорларнинг эсдалик совғалари топширилиб, вилоятнинг бадиий ҳаваскорлик дасталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?