Қорақалпоғистонлик устоз бир кунда қўшалоқ медаль тақди

17:49 01 Октябр 2021 Жамият
3262 0

Фото: Айша Каримова / Халқ сўзи

Одатдагидек эрталаб мактабга боришга тараддуд кўраётган эдим. Телефоним жиринглади. Туман халқ таълими бўлимидан экан. Тезда Нукус шаҳрига етиб боришимни айтишди...

Кейин билсам, Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонида келтирилган рўйхатда мен ҳам бор эканман.

Нукус шаҳри билан туманимиз ораси 150 километр. Машинада кетаётиб расмий сайтлардан Президентимиз Фармони билан танишдим. «Шуҳрат» медали билан тақдирланганлар орасида туманимиз номи, мактабимиз рақами ва қадрдон синфимгача маълумотлар келтирилгани мени чексиз қувонтирди.

Қоратоғ ораларидан ўтувчи равон йўллардан борарканмиз, ижтимоий тармоқлар орқали яқинларим ва касбдошларимиздан тинимсиз табриклар келарди. Ҳаёт фақат шодликлардан иборат эмас. Ўтган йили оиламизда рўй берган бахтсизликдан сўнг кўнглим чўкиб, умидсиз қолган кезларимда ҳам ана шу қадрдонлар таскинига суянган эдим.

Албатта, оила аъзоларим ва касбдошларим қўллаб-қувватлаши натижасида мен янада кучлироқ ишлашга ҳаракат қилдим. Юртимизда яратилган шароитлардан фойдаланиб, оила аъзоларимиз билан биргаликда қишлоғимизда хусусий боғча очиш ишларига киришдик. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги арафасида ўз хонадонимда оилавий уй-боғчасини очишга муваффақ бўлдик. Мактабдаги фаолиятимни ҳам янада жонлантириб, ёзги таътил даврида қўшимча тўгараклар ташкил қилдим.

Нукус шаҳрида ўтган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Камалов йиғилганларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан қизғин муборакбод этди. Ва менга «Шуҳрат» медалини топширди.

Камтарона меҳнатларим юксак баҳоланганидан, ўқитувчи бўлганимдан фахр туйғусига кўмилиб уйга қайтдим. Бунинг қарангки, қайтгач, яна бир шодиёна, қувончли хабар эшитдим. Байрам муносабати билан ташкил қилинган тантанали тадбирда “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.

Байрам шодиёналаридан қайтар эканман, бундан 4-5 йил илгари айнан шундай куз кунларида пахта даласида чангга ботиб юрган кезларимизни эсладим. Энди у кунлар тарих бўлди.

Оқшом тушди. Туман марказий кўчаларидан уйим томон бораман. Бир кунда кўксимга тақилган қўшалоқ медаль таълим ва тарбияни уйғун олиб боришимга куч-ғайрат беради, ишончимни оширади. Кенг кўчаларни ёритиб турган чироқлар худди биз ўқитувчиларнинг келгуси фаолиятимизга нурли йўл кўрсатаётгандек туйилади менга.

Ўқитувчи ва мураббийлар обрўсини қайтаришдек улуғ ишнинг ташаббускори, бугунги таълим тизимидаги ислоҳотлар муаллифи бўлган давлатимиз раҳбарига байрам муносабати билан юксак мукофотга муносиб кўргани учун барча қорақалпоғистонлик ўқитувчилар номидан миннатдорлик билдираман.

Айша КАРИМОВА,

Элликқалъа туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?