Қорақалпоғистон Республикасидаги ўрганиш натижалари ҳамда “Меҳр дафтари” тизимидаги ишлар кенг муҳокама қилинди

19:16 29 Сентябр 2022 Сиёсат
284 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Шу йилнинг 29 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.

Унда иккита муҳим масалага эътибор қаратилди, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасидаги маданият объектлари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 60 та маданият марказида 221 та тўгарак ташкил қилинган. Уларга 4 000 нафарга яқин ёшлар жалб этилган. Жорий йилда 12 та маданият ва истироҳат боғида 3 971 та тадбир ўтказилиб, уларда 870 948 нафар аҳолининг иштироки таъминланган. 23 та болалар мусиқа ва санъат мактабига 7 428 нафар ўқувчи қамраб олинган.

Қорақалпоғистонда фаолият олиб бораётган 3505 та спорт иншоотидан 144 минг нафар аҳоли фойдаланиб келмоқда. Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги таълим муассасаларида ташкил этилган 440 та секцияда 36 400 нафарга яқин ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Ҳудудда 3558 та спорт мусобақаси ўтказилиб, 186 минг нафардан ортиқ иштирокчи жалб қилинган. Умумтаълим мактабларининг спорт залларида қарий 4 мингта секция ташкил этилган ва уларга 96 минг нафардан ортиқ ёшлар жалб қилинган.

Сенаторлар амалга оширилган ишлар билан бирга маданият объектлари ва спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган мавжуд муаммоларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, инвестиция дастурлари доирасида қурилиб фойдаланишга топширилиши зарур бўлган айрим маданият ва спорт иншоотларидаги ишлар белгиланган муддатларда якунланмаган. Мазкур объектлар зарур жиҳозлар билан таъминланмаган. Маданият марказларида тўгараклар фаолияти, мусиқа ва санъат мактаблари машғулотлари тизимли йўлга қўйилмаган. Маданият ва спорт объектларига аҳолини кенг жалб этиш самарадорлигини ошириш юзасидан етарлича чоралар кўрилмаган.

Қайд этилган масалаларни ҳал этиш юзасидан халқ вакилларининг тегишли қарори қабул қилиниб, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига бир қатор тавсиялар берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ 2022 йилда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан қурилиши ҳамда реконструкция қилиниши белгиланган, бироқ шу кунга қадар молиялаштирилмаган маданият объектларида 2023 йил якунига қадар қурилиш ва таъмирлаш ишларини якунлаш, “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли негизида Миллий рақс ва балет мактабини ташкил этиш, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан ҳудудлардаги маданият марказлари ва спорт иншоотлари раҳбарларининг яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳудудлардаги кутубхоналар ва IT марказларида мунтазам равишда муайян жадвал асосида турли танловлар ўтказиб боришни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.

Шунингдек, ўрганишлар давомида “Меҳр дафтари” ва жамғармаси шакллантирилиши ҳамда юритилиши юзасидан таъсирчан депутатлик назоратини олиб бориш” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, котибият мудирлари, болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти раҳбарлари, шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан  “Меҳр дафтари” тизими ҳамда жамғармаси фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда унинг электрон платформаси (mehrdaftari.uz) ишга туширилган. Айни пайтда мазкур платформага 5 729 нафар бола киритилган бўлиб, шундан 2 973 нафарини ўғил болалар, 2 756 нафарини қиз болалар ташкил этади.

Бундан кўзланган асосий мақсад етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат.

Меҳр дафтарига киритиш бўйича энг катта кўрсаткич Фарғона вилоятида (1205 нафар) бўлса, энг кам кўрсаткич Навоий вилояти (169 нафар) улишига тўғри келмоқда.

Семинарда Миллий гвардия, Молия ҳамда Халқ таълими вазирликлари масъуллари томонидан маърузалар қилиниб, “Меҳр дафтари” тизими, бу борада амалга оширилган ишлар ҳамда  унинг шаффоф юритилиши бўйича депутатлик назоратини олиб бориш юзасидан таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Молия вазирлигининг берган маълумотларига кўра “Меҳр дафтари” жамғармасига алкоголь маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи корхоналар соф тушумидан 72,4 млрд сўм маблағ ажратилган. Бироқ ушбу маблағлар ҳудудлар томонидан ишлатилмаган. Навоий вилоятида эса жамғарма учун умуман маблағ ажратилмаган.

Ушбу жамғарма маблағларидан фойдаланиш ва уни мақсадли сарфлаш масаласи юзасидан ҳудудлардаги депутатлар ва масъуллар томонидан кўплаб саволлар ва фикрлар билдирилди.

Мажлис сўнггида кун тартиби доирасида муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер