Мавсумга тайёргарлик: ҳаммасини вақт кўрсатади. Қор осмонда қишламайди...

16:28 02 Октябр 2018 Жамият
4356 0
Иллюстратив фото

Кўкда пайдо бўлаётган оқпар булутлар кузнинг қуёшли кунлари ғанимат эканлигини эсга солаётгандек. Зеро, бу она табиатнинг остонада қаҳратон пайт пойлаб турганига бир ишорасидир. Кексалар таъбири билан айтганда, энди совий-совий қиш келади. Доно халқимиз бежиз “Сунбуладан кейин сув совуқ, мезондан кейин кун совуқ”, демаган.

Ҳисобдонларнинг кузатишича, бу йил саратоннинг тафти баланд бўлди. Демак, қаҳратоннинг ҳам қаҳри қаттиқлашиши эҳтимоли йўқ эмас. Шунинг учун синов мавсуми — қишга пухта ҳозирлик кўриш, айни кунларнинг ҳар дамидан оқилона фойдаланиш зарур.

Одатда, халқимиз қиш ғамини ёзда кўради. Ахир мавсумнинг беталафот, кўнгилдагидек ўтиши бугунги саъй-ҳаракатларга боғлиқ-да. Шу боис Президентимизнинг жорий йил 12 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2018/2019 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу гал ҳам барча жабҳада тараддуд тадбирларига барвақт киришилди. Хўш, белгиланган вазифалар ижроси, бажарилган ишлар сифати қандай?

Мавсумга тайёргарлик: ҳаммасини вақт кўрсатади

Коммунал соҳанинг наинки аҳоли турмуш даражаси, балки жамиятдаги ижтимоий муҳитга ҳам таъсири ғоятда катта. Шу боис мазкур тармоқнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш, бундай хизматлар кўрсатиш бўйича замонавий бозор механизмини шакллантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада мамлакатимизда уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланишнинг мутлақо янги тизими шаклланди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2017 йилда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур вазирлик маълумотларига кўра, бугунги кунда юртимизда 4 мингдан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолият юритаётган бўлиб, улар томонидан 32,4 мингдан ортиқ кўп хонадонли уйларга хизмат кўрсатилмоқда. Ширкатлар ишига куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик, умумий фойдаланиш майдонларининг ободлигига қараб ҳаққоний баҳо бериш мумкин.

Яширишнинг ҳожати йўқ, шу пайтгача коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар аҳоли, айниқса, кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганди. Айниқса, қиш фаслида охирги қаватдаги хонадонлар эгаси томдан чакка ўтишидан азият чекса, пастки қаватдагилар зах ва ертўладан анқийдиган бадбўй ҳиддан нолишарди. Бундан ташқари, иссиқ ва совуқ сув тармоқларидаги носозликлар, иситиш тизимидаги камчиликлар оддий ҳолга айланиб қолган эди.

Бу йил-чи? Ёғин-сочинли кунлар бошланиши билан яна эски манзаралар қайта жонланадими? Мавсумнинг кўнгилдагидек ўтиши учун қандай чора-тадбирлар кўриляпти? Жалб этилаётган хорижий инвестициялар, тижорат банклари тақдим қилаётган кредитлар эвазига сув ва иссиқлик таъминоти, канализация тизимларини ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш юзасидан амалий ишлардан кўнгил тўладими?

Саволларга жавоб олиш учун “Уйжойкомхизмат” вазирлиги мутасаддиларига мурожаат қилдик.

— Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, бугун барча ишлар шу асосда олиб бориляпти, — дейди уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров. — Бу жараёнда, аввало, ўтган мавсумда йўл қўйилган камчиликлар чуқур таҳлил қилинди. Энг асосийси, аҳолидан тушган мурожаатларга биноан, республикада мавжуд 33 мингга яқин уй-жой фондлари ҳолати тўлиқ ўрганилди. Унинг натижаларига кўра, далолатномалар, чора-тадбирлар, манзилли дастурлар ҳамда тармоқ жадваллари тузилди. Бундан кўзланган мақсад кўп қаватли уй-жой фондини мавсумга барқарор тайёрлаш, таъмирлаш ишларини сифатли бажариш, ширкатлар фаолиятини жонлантиришдир.

Таъкидлаш керакки, шу йилнинг 22 сентябрида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида Республика штаби ташкил этилди. Таркибида мутасадди вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари масъул ходимларини жамлаган мазкур штаб куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини барча йўналиш бўйича белгиланган муддатда сифатли бажарилиши устидан доимий назорат қилиб боради.

Кўп хонадонли уй-жойларни куз-қиш мавсумига барқарор тайёрлашга доир дастурга мувофиқ, ўтган даврда 7 минг 657 та тураржойнинг 5 минг 600 дан ортиғи жорий ва мукаммал таъмирланган бўлса, қолганида бу борадаги юмушлар изчил давом эттирилмоқда.

Бошқача айтганда, мамлакатимизда жорий йилнинг 24 сентябрь ҳолатига кўра, кўп қаватли уй-жойларнинг 3 миллион квадрат метрдан ортиқ том қисми мукаммал ва жорий, шунингдек, 4038 та кўп қаватли уй-жойнинг ички муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, 3455 та кўп қаватли уй-жойнинг фасад қисми, 393 та лифт таъмирланди. Бундан ташқари, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларда 758 та болалар майдончаси барпо этилди. Яна 1,2 мингта шундай майдонча таъмирланиб, 85 минг погон метр ирригация тизими соз ҳолатга келтирилди, 453 минг квадрат метр йўлаклар (тротуар) бетон қоришмаси билан қопланди, кўп қаватли уйларнинг 387 та ташқи ёритиш ускуналари таъмирланди. Бу каби юмушларнинг ўз вақтида адо этилишида тижорат банклари томонидан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига 418,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани айни муддао бўлмоқда.

Мавсумга тайёргарлик асносида республика бўйича ўрганилган 10 мингдан ортиқ кўп қаватли уй-жойларда аниқланган 9 минг 563 та ноқонуний барпо этилган объект секторлар кўмагида бузиляпти. Шу пайтга қадар ҳудуд қиёфасига салбий таъсир кўрсатаётган, хавфсизлик талабларига мутлақо мос келмайдиган қурилмаларнинг 88 фоизи олиб ташланган бўлса, қолган қисмини мажбурий тартибда буздиришга оид даъво аризалари судларга тақдим этилган.

— Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида кўлами жиҳатидан ниҳоятда катта бўлган ишлар бажарилмоқда, — дейди Н. Назиров. — Лекин уларнинг самараси, хизмат кўрсатиш сифати яхшиланишикўп жиҳатдан хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларининг реал аҳволи, моддий-техника базасининг мустаҳкамлигига ҳам боғлиқ. Шу боис вазирлигимиз томонидан тижорат банклари иштирокида ширкатлар иш фаолиятини яхшилашга жиддий аҳамият қаратилмоқда. Масалан, Тошкент шаҳрида 2243 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ўрганилганда, улар орасидан 28 тасининг фаолияти қолоқ эканлиги маълум бўлди. Биринчи навбатда, мазкур ширкатларнинг аҳволини ўнглаш мақсадида алоҳида молиявий ва иқтисодий соғломлаштириш дастурлари ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилиняпти. Бунинг натижалари жорий мавсумда, албатта, кўзга ташланади.

Табиий-иқлим шароитимизга кўра, мамлакатимизда қиш у қадар қаттиқ келмайди. Совуқ кунлар ҳам узоқ давом этмайди. Шундай бўлса-да, ҳар мавсумда аҳолининг катта қисми иситиш тизими кўнгилдагидек ишламаслигидан арз-ҳол қилади. Бу иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари учун ҳам бегона эмас.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддиларининг айтишича, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишга жиддий киришилди. Яъни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларидаги мавжуд қозонхона хўжалиги техник талабларга мослиги тўлиқ ўрганиб чиқилди. Пировардида 7 та марказий, 3 та локал қозонхона ҳамда 32 та қозонда мукаммал, шунингдек, 70 та марказий, 40 та локал қозонхона ва 831 қозонда жорий таъмирлаш ишлари режалаштириб олинди. Бу юмушлар қоғозларда қолиб кетмаслиги учун кунлик мониторинг қилинаётгани диққатга сазовордир.

Самараси қандай дейсизми? 2018 йил 24 сентябрь ҳолатига кўра, 45,6 километр иссиқлик тармоқлари мукаммал таъмирланган бўлса, 45 та марказий қозонхона, 36 та локал қозонхона,825 та қозон капитал ва жорий таъмирланди. Бундан ташқари, 799 километрлик иссиқлик тармоқлари жорий таъмирланди, 81,9 километрлик иссиқлик тармоқлари изоляция қилинди. Тижорат банкларининг 10,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлари ҳисобига кўп қаватли уйлардаги 7261 хонадонга ички иситиш қозонлари ўрнатилди.

Чиндан ҳам, бу йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадал тус олган. Уларнинг қанчалик сифатли, пишиқ-пухта бажарилганлигини эса вақт кўрсатади.

Халқимиз таъбири билан айтганда, қор осмонда қишламайди. Остонада табиатнинг инжиқ мавсуми эшик қоқиб турибди. Унинг ҳар бир куни — синов. Қиш фаслини беталафот ўтказиш эса унинг “имтиҳон”ларига қанчалик пухта ҳозирлик кўрилганига боғлиқ. Буни нафақат мутасадди идоралар масъуллари, балки ҳар биримиз бир зум бўлса-да, ёддан кўтармаслигимиз, тадорикни пухта қилишимиз керак. Ана шунда қиш ўчоғи тор бўлиб қолмайди.

Cаид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?