Қўқонда MICE туризми ривожига бағишланган конференция ўтказилади

19:20 26 Октябр 2022 Жамият
313 0

Фото: Иллюстратив фото

Жорий йилнинг 29 октябрь куни Қўқон шаҳрида «MICE туризмни ривожлантириш» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июлдаги «Туркий давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилмоқда.

Конференцияда «Фарғона вилоятида MICE туризмни ривожлантириш истиқболлари», «Ўзбекистонда меҳмонхона хўжалигини ривожлантириш йўллари», «Туристик хизматлар бозорида реклама ва маркетингнинг аҳамияти» ва бошқа мавзуларда маърузалар қилинади.

Маълумот учун, MICE туризми (MICE — Meetings (учрашувлар), Incentives (рағбатлантиришлар), Conferences (конференциялар), Exhibitions (кўргазмалар)) бу бизнес туризми бўлиб, тадбиркорлар орасида айнан шу ном билан машҳур. Бугунги кунда кўплаб корхона ва ташкилотлар MICE индустрияси хизматларидан фойдаланмоқда. Ўзбекистонда ҳам барча керакли MICE тадбирлари: иш учрашувлари, рағбатлантирувчи саёҳатлар ва жамоа қуриш, конференциялар, корпоратив байрамлар ташкил этиб келинмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Фарғона вилоятида туризм соҳасига 1000 нафардан ортиқ тадбиркор жалб қилинган. Риштон туманидаги 12 та туризмга ихтисослаштирилган МФЙлар ва Фарғона туманидаги 100 дан ортиқ оилавий меҳмон уйлари ташаббускорлари учун «Тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш» ва «Ўзбекистонда SBT туризмини ривожлантириш» мавзуси лойиҳаси доирасида ўқув семинарлар ташкил этилди.

Айни дамда Фарғонада MICE туризми учун ихтисослашган жами 27 та объект мавжуд бўлиб, булардан 10 таси меҳмонхона, 10 таси тантаналар саройи, 3 таси йирик савдо мажмуалари, 2 таси ёшлар маркази (co-working марказлари), 4 таси таълим муассасалари ва яна 4 таси маданият уйларидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?