Қўқон университети туркий давлатларнинг фуқаролари учун алоҳида имтиёзлар тақдим этиши мумкин

18:09 24 Июнь 2021 Жамият
660 0

2021 йил 24 июнь куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм масалалари бўйича вазирларининг VI йиғилишига бағишланган нуфузли анжуман меҳмонларининг Қўқон университетига ташрифи бўлиб ўтди.

Меҳмонлар Ҳўқанди латифнинг азалий меҳмондўстлик анъаналари асосида тантанали кутиб олинди.

Университет майдонида намойиш этилган Қўқоннинг миллий ва замонавий ҳунармандчилигига оид намуналар кўргазмаси ҳамда 6 та ҳамкор давлатнинг ўзига хос маданияти ва урф-одатлари акс эттирилган бурчаклар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташриф давомида китоб мутолааси тарғиботига бағишланган, олтита давлатнинг буюк адиблари номлари акс этган «Тафаккур гулшани» монументига асос қўйилиб, нуфузли меҳмонлар иштирокида рамзий лента кесилди. Қўқон шаҳрида 24 июнь куни ўтказилган муҳим тарихий анжуман – Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатларнинг туризм масалалари бўйича вазирларининг VI йиғилиши муносабати билан келажак авлодлар учун нома битилиб, капсулага жойланди.

Туркий тилли давлатлар Туризм масалалари бўйича вазирлари билан олий таълим истиқболлари бўйича ҳамкорлик масалаларида суҳбатлашилди. Туркий тилли давлатлар олий таълим муассасалари билан талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинувини ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ва халқаро маълумотлар базаси рўйхатидан жой олган журналларда илмий мақолалар чоп этишда ҳамкорлик қилиш борасида фикр алмашилди. Шунингдек, Қўқон университетида туркий давлатлар фуқаролари учун алоҳида имтиёзлар тақдим этилиши, Ёзги мактабларда талабаларнинг махсус дастур асосида ўқишларини ташкил этиш имконияти мавжудлиги ҳақида маълумотлар берилди.

Ҳамкор давлатлар вакилларига эҳтиром рамзи сифатида университет ҳудудига туркий давлатлар байроқлари ўрнатилди ва меҳмонларга Қўқон тарихига бағишлаб ёзилган бебаҳо асарлар ва эсдалик совғалари туҳфа этилди.

Тадбир доирасида Қўқон университети талабалари учун Туркий тилли давлатларнинг манфаатли ва истиқболли ҳамкорлик алоқалари бўйича семинар-тренинглар ҳам ташкил этилди.

Бундан ташқари, ҳар бир туркий давлат рақслари намойиш қилинди ва бу ҳолат ҳаммани хурсанд қилди. Туркий вазирлар учун велосайр ҳам уюштирилди.

Маълумот ўрнида, Қўқон университети нодавлат олий таълим муассасасидир. Университет Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ташкил этилган бўлиб, бакалавриатнинг иқтисодиёт, молия, менежмент, тадбиркорлик, мактабгача таълим, бошланғич таълим, хорижий тил ва адабиёти: инглиз тили, психология, компьютер инжинирингги йўналишларида таълим берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?