Қўқон шаҳрида 150 та кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари барпо этилади

00:14 09 Август 2022 Жамият
348 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларидаги ҳуқуқий негизини янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Хусусан, депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда автомобиль бошқарувига ўтирган ҳайдовчилар ҳушёрликни унутиб қўйишлари натижасида йўл-транспорт ҳодисалари кўпайиб кетмоқда. Бу эса кимнингдир бахтли ҳаётига якун ясаши, жисмонан ногиронликка олиб келиши мумкин.

Ушбу масала бугун кўпчилигимизни ўйлантириб, қийнаб келаётган долзарб муаммолардан бирига айланди. Чунки юртимизда автотранспорт воситалари йилдан-йилга кўпайиб, ҳайдовчиларнинг малака даражаси ва ўзаро ҳурмати, аксинча, пасайиб бормоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси билан “Давлат божи тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши таклиф қилинмоқда. Жумладан, лойиҳада “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиришлар киритилиши назарда тутиляпти.

Депутатларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳайдовчиларни тайёрловчи таълим субъектларига лицензия бериш ва уларни фаолиятини назорат қилиш ягона давлат органи — ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари ваколатига ўтказиш орқали таълим сифатини оширилишига хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида факция аъзолари ҳар битта йўл-транспорт ҳодисаси ортида бир эмас, ўнлаб инсонлар тақдири ётишини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича кўплаб асосли таклифлар берди. Ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ва заруратини ҳисобга олиб, уни маъқуллашди.

Йиғилишда шунингдек, “Фарғона вилоятининг Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ва Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарлари чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қарор лойиҳаси билан Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара, Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ҳисобидан Қўқон, Марғилон ва Фарғона шаҳри таркибига ўтказилаётган ерлар уларнинг амалдаги ер фонди тоифалари ўзгартирилмаган ҳолда ўтказилиши назарда тутилмоқда.

Қўқон, Марғилон, Фарғона шаҳарларига ажратилаётган ер майдонларида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, Фарғона шаҳри таркибига Фарғона туманидан ўтаётган ер майдонига “Янги Ўзбекистон” боғи, 80 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча ва оилавий поликлиника қўрилиши режалаштирилган.

Шунингдек, Қўқон шаҳри таркибига Учкўприк, Ўзбекистон, Данғара туманларидан ўтаётган ер майдонларида 150 та кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, умумий ўрта таълим ва мактабгача таълим муассасалари барпо этилиши ҳамда Марғилон шаҳри таркибига Қўштепа, Тошлоқ, Фарғона туманлари ҳисобидан ўтаётган ер майдонларида кичик саноат зоналарини, 108 та кўп қаватли турар жой бинолар қурилиши кўзда тутилган.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер