«Қўқон садоси»нинг жарангдор овози сўниб бормоқда?!

13:32 24 Январь 2021 Жамият
444 0

Қўқон дунёда «Латиф» мақомига эга ягона шаҳар. Қўқон адабий муҳити таъсирида 300 нафардан зиёд ижодкорлар етишиб чиққанининг ўзи ҳам Хўқанди Латифнинг адабий-маданий мероси нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

Давр талаби ва эҳтиёжи билан номи бир неча маротаба ўзгарган «Қўқон садоси» газетаси 107 йиллик тарихга эга. Газетанинг ташкил этилиши машҳур маърифатпарвар тадбиркор ва ношир Обиджон Маҳмудов номи билан боғлиқ. Ўз вақтида бу инсон ўз сармоясига Германиядан босмахона жиҳозларини олиб келиб газета чиқарган эди...

Абдулла Қаҳҳор, Собир Абдулла, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби адбирларимиз таҳририятда бир муддат фаолият олиб борган. Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Ғафур Ғулом сингари забардаст ижодкорларимиз газета жамоаси билан фаол ҳамкорлик қилган.

Бугун Қўқонда жаҳон бозори, дея эътироф этилувчи улкан савдо мажмуалари бор. Бу бозорларга етти иқлимдан маҳсулотлар келтирилади. Муҳташам тарихий-маданий ёдгорликлар, музейлар, 4 та олий таълим муассасаси (иккита ОТМ филиал сифатида фаолият кўрсатади), савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари 250 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилувчи Қўқоннинг бугунги истиқболи нечоғли порлоқ эканлигини англатади.

Хуллас, шаҳарда тинч-осойишта ва фаровон яшаш учун ҳамма нарса бор. Фақат газета йўқ – «Қўқон садоси»нинг жарангдор овози тобора сўниб бормоқда. 2020 йили газета ойига икки марта, бор-йўғи 350 нусхадан чоп этилиб, аранг жон сақлаган эди. 2021 йил учун «Қўқон садоси»га атиги 381 нусха обуна бўлди. Шу йилнинг январь ойида қўшма сон қилиниб, 450 нусхада бир марта газета чиқарилди.

Таҳририят бир пайтлар ўзиники бўлган тарихий бинода бепул асосда бўлсада, ижарада туради. Етти-саккиз ойдан буён маош олмаётган 5 нафар жамоа аъзоларининг бир нафари журналист, холос. Бош муҳаррир Адҳамжон Мирсаидов журналистика соҳасида 50 йиллик тажрибага эга. Тўғри, янги йил байрами арафасида у ва яна икки ходимга 500 минг сўмдан пул берилди. Лекин халқимиз мақолида жуда ўринли айтилганидек, холва деган билан оғиз чучимайди!..

Қўқон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари  «Қўқон садоси» газетаси билан боғлиқ муаммоларни эътироф этилиб, шу кунларда обуна уюштириш ишларига жиддий киришилганини таъкидлашди. Агар хоҳиш ва истак самимий бўлса, Қўқонда шаҳар газетаси учун камида 3-5 минг нусха обуна уюштириш имкони бор. Шу боис бу сафар бошланган эзгу ташаббус якунига етказилишига ва ижодий жамоанинг елкасига офтоб тегишига ишониб қоламиз.

Афсуски, вилоятнинг бошқа шаҳар-туман газеталари ижодий жамоаларининг аксариятида аҳвол «Қўқон садоси»никидан кам эмас. Бундан кўринадики, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тарихий кўзгуси, «ташриф қоғози» бўлган газеталарни ривожлантиришга вилоят ҳокимлиги, керак бўлса, мамлакат ҳукумати даражасида эътибор ва рағбат керак.

Ботир Мадиёров,

«Халқ сўзи» 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер