Қоплаб пул эмас, совринлар ортидан югурган футболчи

11:53 02 Ноябрь 2020 Спорт
900 0

Луис Суарес 1987 йилда Уругвайнинг Аргентина билан чегарадош Сальто шаҳрида туғилган. У оиладаги етти фарзанднинг тўртинчиси. Отаси ашаддий футбол мухлиси эди. Боланинг исмини Суарес деб қўйгани ҳам бежиз эмас. Ўтган асрнинг 70-йилларида испаниялик Луис Суарес деган футболчи халқаро майдонларда ном қозонган эди.

Луис 7 ёшга кирганида оиласи Уругвайнинг Монтевидео шаҳрига кўчиб келди. Худди шу ерда у футболга ипсиз боғланиб қолди. Бахтга қарши, отаси оилани ташлаб кетди. Шунда Суарес ҳатто маҳаллий мактабнинг футбол жамоаси билан хайрлашиш фикрига келди. Аммо онаси унинг севимли ўйини билан шуғулланишини истаб «Кетмагин» деб оёқ тираб туриб олди. Бу орада Суарес отаси билан муносабатларини тиклади.

Қаҳрамонимиз кўча футболидан чиққан, десак хато қилмаймиз. Ўзига хос ўйин услубини у худди шу ерда шакллантирди. Ҳаётдан сабоқ олди. 2003 йилда Суарес «Национал» клуби футбол академиясига қабул қилинди. Бунга унинг мактаб жамоасидаги ажойиб ўйини сабаб бўлди. Жамоаси 0:6 ҳисобида ютқазиб турганида майдонга тушиб, рақибни мағлубиятга учратишга катта ҳисса қўшди. Учрашувни «Национал» клублари скаутлари кузатиб туришганди. Пировардида шу клуб сафига қўшилди. Орадан икки йил ўтиб, у асосий таркиб ўйинчисига айланди.

2006 йилда Голландиянинг «Гронинген» клуби скаутлари Монтевидеога келишди. Уларни «Нацинал»нинг бир футболчиси қизиқтираётган эди. Аммо голланд клуби вакили Суареснинг қандай ўйнашини кўрди-ю бу иқтидор эгаси учун клуб раҳбариятини 800 минг евронинг баҳридан кечишга кўндирди. 2006 йилда у «Гронинген» сафида 10 та гол киритди. Бир йил ўтгач эса, 20 ёшли ҳужумчини «Аякс» сотиб олди. Бу номдор клуб сафида у ўзининг қанақанги тўпурар эканлигини кўрсатиб қўйди. Дастлабки мавсумда 17 та, кейингисида 22 та, 2009/2010 йилги мавсумда эса 35 та голга муаллифлик қилди.

2011 йилнинг январида унга Украинанинг «Шахтёр» ва Россиянинг «Зенит» клуби жиддий қизиқиш билдирди. Бироқ уругвайлик футболчи «Мен қоплаб пул эмас, совринлар ютишни хоҳлайман» деб рад жавобини берди.

2011 йилнинг 28 январида «Аякс» «Ливерпул»нинг таклифини қабул қилди ва қаҳрамонимиз Англияга йўл олди. Биз унинг бу жамоадаги ўйини ҳақида батафсил тўхталмоқчи эмасмиз. Фақат унинг нечоғли керакли футболчи эканини кўрсатувчи бир далилга эътиборни қаратмоқчимиз. 2013 йилнинг декабрида Суарес бу клуб билан шартномаси муддатини узайтирди. Натижада клуб тарихидаги энг кўп маош оладиган футболчига айланди. Маоши ҳафтасига 200 минг фунт стерлинг этиб белгиланди.

2014 йилнинг 11 июлида «Барселона» ва «Ливерпул»нинг расмий сайтида клублар Суареснинг трансфери юзасидан келишувга эришишгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлди. Каталония клуби бу харид учун 81 миллион евро сарфлади. ”Ливерпул” қолишим учун имкони бор нарсани қилди. Лекин Испанияда ўйнаш ва яшаш менинг орзуим”, деганди шу олди – сотдидан сўнг ҳужумчи. Ўша паллада Суареснинг трансфери «Барса» тарихидаги энг қиммат харид бўлганди.

«Барселона»да у дастлабки мавсумдаёқ тенги йўқ тўпурар эканлигини кўрсатди. Биз жамоанинг Неймар — Месси — Суарес триоси барча учрашувларда рақиблар дарвозасига 122 та гол киритганини айтиш билан чекланмоқчимиз. Кейинги мавсумларда ҳам у сермаҳсул ўйнади. ”Барса”нинг алмаштириб бўлмас ҳужумчисига айланди. Шундай деймизу футболчиларнинг тақдири кўп ҳам ўзига боғлиқ эмаслигини унутамиз.Қаҳрамонимиз билан ҳам шундай бўлди. Жорий йилнинг ёзида кўпчилик учун кутилмаганда унинг Каталония клубидан кетиши тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Аслида ўзи буни истамаганди. ”Ўйлашимча, мени Мессидан узоқлаштирмоқчи бўлишди, — деди у интервьюларидан бирида. 

"Месси билан жуда яхши муносабатда эканлигим эҳтимолки, уларни хавотирга солди. «Барса»дан кетишим осон бўлмади. Болаларимга «Биз омадлимиз. Бир клубда олти йилни ўтказдик. "Барса”дек клубда бу осон эмас”, — дедим.

Айрим спорт нашрлари буни Суареснинг ёши билан боғлашди. Ҳар ҳолда Луис энди 22 ёшли йигитча эмас. У 34 ёшга қадам қўйди. Сафдоши Лионел Мессига келсак, улар майдонда бир-бирларини сўзсиз тушунишарди. Оилавий борди-келдилари ҳам бор. Дарвоқе, Суарес турмуш ўртоғи Софя Балби билан болалик чоғидаёқ танишган. Бу қиз унинг фаолиятига ижобий таъсир ўтказди. Жуфтлик икки ўғил, бир қизни тарбияламоқда.

Мадриднинг «Атлетико» клуби таклифини қабул қилган Суарес ўз анъанасини бузмади. Голлар киритмоқда. Жамоа ўйинига аста-секин мослашяпти. Суареснинг устун жиҳатларидан бири шундаки, у марказий ҳужумчи позициясида ҳам, қанотларда ҳам ўйнай олади. Тезлиги юқори. Майдонни жуда яхши кўради. Қулай вазиятда турган шерикларидан тўпни қизғанмайди. Ақл бовар қилмас голларнинг устаси саналади. Биз бу ўринда унинг ҳавода чалқанчасига туриб кўплаб голлар киритганини назарда тутаяпмиз. Шу билан бирга ожиз томонлари ҳам йўқ эмас. Дейлик, ҳаддан зиёд қизишиб, рақиб ўйинчиларини тишлаб олган пайтлари учраган. Спортчига ярашмайдиган шу хатти-ҳаракати учун бир неча ўйинга четлатилгани ҳам бор гап. Аммо ҳамма тан оладиган ҳақиқат шуки, Суарес дунёнинг энг кучли ҳужумчиларидан бири саналади. Буни у эришган натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Суарес Уругвай, Голландия чемпиони бўлган. ”Барселона” сафида тўрт бор Испания чемпионлигини, тўрт бор шу мамлакат кубогини, икки бор шу давлат Суперкубогини қўлга киритган. У 2014/15 йилги мавсум Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубоги, 2015 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолибидир. Уругвай терма жамоаси сафида 2011 йилда Америка Кубогини боши узра кўтарган. Шахсий ютуқлари ҳам беҳад кўп. Мана айримлари: у салкам 60 та гол киритган ҳолда Уругвай терма жамоаси тарихидаги энг кучли тўпурар бўлиб турибди. Тўрт марта шу мамлакатнинг энг кучли футболчиси деб эътироф этилган. 2014 ва 2016 йилларда «Олтин тўп» соҳиби бўлган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?