Қонунчиликда янги институт: айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув

10:48 25 Ноябрь 2020 Сиёсат
243 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда депутатлар долзарб қонун лойиҳалари қаторида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини атрофлича кўриб чиқдилар.

Муҳокамаларда даставвал киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг нечоғли аҳамиятга эгалигига эътибор қаратилди.

Жумладан, лойиҳага мувофиқ, жиноят-процессуал қонунчилиги кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлашга оид янги институт билан тўлдирилмоқда. Мазкур институт суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамасининг самарадорлигига сезиларли ижобий таъсир ўтказиб, иш юритишни соддалаштиради.

Шунингдек, лойиҳа билан Жиноят-процессуал кодексига айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институти ҳам киритилмоқда.

Хўш, айбига иқрорлик тўғрисидаги келишув институтининг қонунчиликка киритилиши қандай натижаларни беради?

Айбига иқрорлик тўғрисида келишув — ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича ўзига нисбатан қўйилган гумон, айблов билан келишган, жиноятнинг очилишига фаол ёрдам берган ва келтирилган зарарни бартараф қилган гумон қилинувчи ёки айбланувчи томонидан билдирилган илтимосномага асосан жиноят ишини юритишни назорат қилувчи прокурор билан тузиладиган келишув эканлиги лойиҳада аниқ белгиланмоқда.

Шунга асосан, Жиноят кодекси айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноят ишлари бўйича жиноят содир этган шахсга нисбатан тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори ушбу Кодекснинг махсус қисми тегишли моддаси (қисми)да назарда тутилган энг кўп жазонинг ярмидан ошмаслиги кераклигини белгилаб берувчи 581-модда билан тўлдириляпти.

Лойиҳа билан жиноят процессида шахснинг ҳуқуқий кафолатлари кучайтирилаётгани эътиборга лойиқ. Чунончи, Жиноят-процессуал кодексининг 51-моддасида белгиланганидек, шахс ўта оғир жиноят содир этганликда гумон қилинаётган ёки айбланаётганда, шахсга нисбатан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганда, айбига иқрорлик тўғрисида келишув тузилганда ҳимоячининг иштирок этиши шартлиги мустаҳкамланмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу қоидалар шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Қайд этилганидек, таклиф этилаётган қоидалар фуқароларнинг жиноят процессига ортиқча жалб қилиниши камайтиришга, мураккаб бўлмаган ишлар бўйича иш юритишни қисқартириш ҳисобига Давлат бюджетининг сарф-харажатларини ҳам иқтисод қилинишига хизмат қилади. Шунингдек, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва судьяларнинг мураккаб ишларга

кўпроқ эътибор ва вақт ажратишлари, ишларни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун имкониятлари кенгаяди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?