Қонунчилик палатаси Спикери Финляндия элчиси билан учрашди

11:40 21 Апрель 2022 Сиёсат
761 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов Финляндиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси И. Ряйсяненни қабул қилди.

Мулоқот аввалида Спикер Н. Исмоилов И. Ряйсяненни мамлакатимизга элчи этиб тайинлангани билан самимий қутлаб, масъулиятли ва шарафли дипломатик миссияни амалга оширишида унга муваффақиятлар тилади.

Юқори мартабали меҳмонга бугунги кунда мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди. 

Шунингдек, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ўз навбатида, И. Ряйсянен Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини эътироф этиб, Ўзбекистон — Финляндия ўртасидаги алоқалар — парламентлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда бор имкониятини ишга солишини айтиб ўтди.

Суҳбат давомида парламент делегациялари алмашинувини фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги жараёнида ҳамкорлик қилиш, қонунчилик ҳужжатлари, ахборот-таҳлилий материаллар билан алмашинувни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар икки мамлакатнинг нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишларининг ривожланиши борасида ўзаро фикр алмашинувлари орқали тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Учрашув дўстона ва конструктив руҳда ўтди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер