Қонунчилик палатаси Спикери БМТнинг махсус маърузачисини қабул қилди

11:04 30 Ноябрь 2021 Сиёсат
559 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

2021 йил 29 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайнни қабул қилди.

Мулоқот аввалида меҳмонларга тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳада олиб борилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар хусусида маълумот берилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолияти, парламент қуйи палатасининг фракциялари ва қўмиталари иш услублари хусусида ҳам батафсил ахборот олиш имкониятига эга бўлдилар.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон фуқароларининг террористик, экстремистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига кирувчи мурожаатларини кўриб чиқиш учун Бош прокурор раислигида Республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. 

Комиссия хулосаси асосида фуқаролар жиноий жавобгарликдан озод қилиниши белгиланди. Президентимиз ташаббуси билан у ёки бу даражадаги турли гуруҳларга алоқадор деб ҳисобланган 20 мингдан зиёд фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг «махсус рўйхати»дан чиқарилди, бундай «рўйхатлар»ни юритиш амалиёти тугатилди.

Мулоқотда қайд этилганидек, 2019 — 2021 йилларда «Меҳр» гуманитар операцияси доирасида Сурия ва Ироқ ҳудудларида оғир аҳволда қолган 530 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари (асосан болалар ва аёллар) ватанига қайтарилди. Ушбу фуқароларга тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди, уларнинг тинч ҳаётга қайтиши, жамиятда мослашиши учун зарур шарт-шароитлар яратилди, уй-жой ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Учрашув чоғида кейинги беш йилда сиёсий-ҳуқуқий ҳамда судлов тизимида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар эътироф этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Конструктив ва ўзаро ишонч руҳида ўтган учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?