Қонун замон талабларига жавоб бера оладими?

13:26 15 Январь 2022 Жамият
893 0

Мамлакатимизда мустақилликдан сўнг почта соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин 2000 йилнинг 31 августида қабул қилинган «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун бугун замонавий талабларга жавоб бермай қолди. Шундан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳаси тайёрланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат — «Почта алоқаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳада меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, аҳолига тезкор, замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш учун шароитлар яратиш имконини беришини инобатга олиб, лойиҳани қўллаб-қувватладилар.

Фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонунига қўшимча ва ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ташқи савдо битимлари ва халқаро шартномалар доирасида юзага келадиган барча форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалга оширилиб келинади.

Аммо маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган бундай ҳолатларни тасдиқлаш бўйича ваколатли орган белгиланмаган ва бу тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бир қатор муаммоларни вужудга келтирмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси бундай ҳолатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда хўжалик шартномалар доирасида юзага келадиган енгиб бўлмайдиган(форс-мажор) ҳолатларни тасдиқлаш ваколатини Савдо-саноат палатасига бериш кўзда тутилган.

Депутатлар қонун лойиҳа бу борадаги норматив-ҳуқуқий базанинг яратилиши, ҳуқуқий бўшлиқнинг тўлдирилишига хизмат қилишини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?