Қонун ижроси назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганилди

18:16 18 Сентябр 2022 Жамият
390 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Андижон вилоятида “Уруғчилик тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилиш ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганди.

Дастлаб халқаро меъёрларга мос ҳолда ишлаб чиқилган “Миллий уруғчилик сиёсати”нинг ижро ҳолати, уруғчиликни ривожлантиришнинг қисқа ва узоқ муддатли стратегияси кўриб чиқилди. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерлари, кичик уруғчилик ташкилотлари кўздан кечирилди.

Депутатлар Андижон вилоятида қонуннинг мақсад ва вазифалари доирасида иш қандай олиб борилаётгани, уруғчилик объектлари ва субъектларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг бажарилиш ҳолатларини ҳудуднинг Андижон, Балиқчи ва Булоқбоши туманлари мисолида таҳлил этишди. Бунда уруғчилик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб манфатдор вазирлик ҳамда идоралар томонидан белгиланган вазифаларнинг тўғри ижро этилиш ҳолатлари, ўзаро алоқаларнинг ўрнатилгани уларнинг диққат марказида бўлди.

Маълум бўлишича, юқоридаги туманларда фаолият олиб бораётган пахта тўқимачилик кластер корхоналари, фермер хўжаликлари ўртасида тендер танлов ўтказилиб, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштирувчи субъектлар танлаб олинган.

Вилоятда 2023 йил ҳосили учун 78 минг 991 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинларидан пахтанинг “Андижон-35” нави 39 минг 244 гектар, “Андижон-36” нави 25 минг 12 гектар, “Андижон-37” нави 8 минг 956 гектар, истиқболли нав сифатида “УзПИТИТ-201” 2 минг 232 гектар, “УзПИТИТ-202” 1 минг 993 гектар, “УзПИТИТ-203” нави 786 гектар майдонларда ва 768 гектар майдонда “Шарқ” нави экилиши режалаштирилди. Ушбу навлар бугунги кунда юқори ҳосилдор нав сифатида тан олиниб, янада мукаммал амалиётдан ўтказилмоқда.

Шунингдек, ҳудудда келаси йил ҳосили учун 72 минг 500 гектар майдонга кузги бошоқли дон уруғларини экиш кўз тутилган бўлса, ғалла ҳосили учун эса вилоятда белгиланган тартибда уруғлик ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари танлаб олинган. 2023 йилда 500 нафар фермер хўжаликларининг 7 минг 703 гектар майдонларида уруғлик ғалла экилиб, 18 минг 130 тонна уруғлик дон жамғариш режалаштирилмоқда.

Ўрганиш давомида ҳудудда сабзавот ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари экилиши масалалари ҳам эътибордан четта қолмади. Хусусан, келаси йил ҳосили учун вилоятда 1 минг 600 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинларини экиш белгиланган.

Депутатлар ўрганиш давомида уруғликларни лабораториядан ўтказиш, экинбоплик сифатларини аниқлаш ва реестр юритиш тартиби, шунингдек, уруғликларни етиштириш, тайёрлаш, ишлов бериш, сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳолатларини ҳам кўздан кечирди.

Ўрганишлар давом этмоқда.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер