Қонун ҳукмрон бўлган жамиятда инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади

10:51 08 Январь 2025 Жамият
259 0

8 январь — Прокуратура органлари ходимлари куни

Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларда қонун устуворлигини таъминлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек, қонун ҳукмрон бўлган жамиятда албатта адолат, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва юксалиш бўлади, инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланади.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асос солган тараққиётимизнинг янги босқичида жамиятда адолатни қарор топтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли ва мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги саккиз йилда прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ ўнлаб қонун, фармон, қарор ва фармойиш қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатлар асосида прокуратура соҳасини тубдан ислоҳ этиш, бу борада очиқлик ва адолатга асосланган, фуқаролар ва жамият манфаатига хизмат қиладиган, халқпарвар қарорлар қабул қилиш, ўз назарий ва амалий мактабига, фидойи ва профессионал ходимлар корпусига эга бўлган тизимни шакллантириш бўйича улкан ишларни амалга оширилмоқда.

Айниқса, Юртбошимиз Президент сифатида имзолаган биринчи қонун — 2016 йил 19 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни прокуратура органларида хизмат қиладиган барча ходимлар, жумладан, фахрийлари қалбидаги орзу-умидлар рўёбга чиққан қутлуғ сана сифатида муҳрланди.

Ислоҳотлар самарасида Конституциямизда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинларини ишончли ҳимоя қилишда, қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишда прокуратура органларининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Буни халқ билан очиқ мулоқот қилиш, аҳоли муаммоларини чуқур ўрганиш ва ҳал этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳа ходимларининг энг асосий ва кундалик вазифасига айланганидан ҳам билса бўлади.

Ҳақиқатдан, прокуратуранинг қонунлар ижроси устидан назорат олиб бориш фаолияти тубдан ўзгартирилди. Илгари қонун бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва жазолашга асосий ўрин берилган бўлса, эндиликда асосий эътибор бундай ҳолатларнинг олдини олиш, мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Кишини қувонтирадиган энг муҳим жиҳат — прокуратура тизими билан ҳамоҳанг тарзда одамларимизнинг унга нисбатан муносабати ҳам ўзгарганини англаш мумкин. Бугунги кунда фуқаролар прокуратура тимсолида “жазоловчи идорани” эмас, балки аҳоли ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашадиган, уларнинг дардига шерик, мададкор бўлишга ҳаракат қиладиган халқпарвар тузилмани кўрмоқда.

Буни биргина 2024 йилнинг январь — ноябрь ойларида прокуратура органлари томонидан 250 минг 590 та мурожаат ижобий ҳал этилиб, 54 мингдан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, минглаб тадбиркорнинг муаммоларига ечим топилгани ҳам тасдиқлайди.

Бугунги кунда барча ҳудудларда бўлгани каби Сурхон воҳасида ҳам тадбиркорлик ва инвестиция, қурилиш йўналишларида, ер ресурсларидан фойдаланишда қонун бузилишининг олдини олиш, хотин-қизлар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, ёқилғи-энергетика ва экология, маданий мерос ва спорт соҳаларида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган самарали прокурор назорати тизими йўлга қўйилди ва ўз ижобий натижаларини бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси томонидан ўтган даврда 583 дан зиёд ҳуқуқбузарлик ва жиноятга чек қўйилди, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 257 миллиард 016 миллион 438 минг сўм зарар ундирилди.

Айниқса, прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюросининг ташкил этилиши ижро ишини юритиш бўйича мавжуд тартибсизликларга барҳам бериб, қатъий интизом ўрнатишга имкон яратди.

Шу ўринда, прокуратура органлари ходимларини касб байрами билан табриклаб, ҳар бир ходими Президентимиз таъкидлаганларидек, олижаноб халқимизнинг ҳақиқий ҳимоячиси, адолат ва қонунийлик посбони бўлиб, фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қилишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.

Зеро, прокуратура ходимлари қонун ҳимояси — бу халқ ва Ватан ҳимояси каби муқаддас бурч эканини чуқур англайди, зиммамиздаги ғоят масъулиятли ва шарафли вазифани бундан буён ҳам самарали, виждонан адо этамиз.

Хуршид МЎМИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг

Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари,

“Жасорат” медали соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер