Қўнғиротлик болалар «Лочин»да мароқли ҳордиқ чиқармоқда

14:28 26 Июль 2022 Жамият
330 0

Фото: Халқ сўзи

Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидан 7-14 ёшгача бўлган 200 нафар ўқувчи Шаҳрисабз шаҳридаги сўлим ва гўзал «Лочин» болалар дам олиш оромгоҳида ёзги таътилни мароқли ўтказмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан имтиёзли дам олаётган бу болажонлар учун оромгоҳда барча қулайлик яратилган. Ушбу гўзал маскан Шаҳрисабз шаҳридан 30 километр узоқликда бўлиб, денгиз сатҳидан минг метр баландликда жойлашган. 12 метр баландликдан булоқларнинг зилол сувлари оқиб туради. Шу ҳудудда Марказий Осиёда энг баланд Ҳазрати Султон чўққиси ҳам кўзга ташланади.

— Бугун оромгоҳимизда қардош қорақалпоқ болаларининг юракка яқин шўх-шодон кулгилари, куй-қўшиқлари янграмоқда ва бу наволар шунчалик таниш, шунчалик қадрдонки, уни сўз билан ифодалаш қийин — дейди «Лочин» болалар дам олиш оромгоҳи бош тарбиячиси Истамжон Ҳасанов. — Қўнғиротлик болалар бу ерда улар нафақат табиатдан завқ-шавқ туйишади, маданий дам олишади, балки спорт билан шуғулланишади, турли тўгаракларга жалб қилинади. Ҳозирги кунда бизда 16 та тўгарак ишлаб турибди ва уларга ўз соҳасини пухта билган малакали педагоглар раҳбарлик қилмоқда.

«Лочин» болалар дам олиш оромгоҳи 2004 йилда Ғузор туманидаги «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ тасарруфига ўтганидан сўнг қайта реконструкция қилинди, спорт иншоотлари барпо этилди, янги тўгарак ва спорт секциялари очилди. Оромгоҳда «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да қайд этилган ота-оналар фарзандлари ҳамда оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳам имтиёзли дам олмоқда.

 

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер