Қўмита мажлисида қандай масалалар муҳокама қилинди?

17:01 17 Ноябрь 2020 Сиёсат
257 0

2020 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференсалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Унда парламент юқори палатасининг тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган ушбу мажлисда дастлаб «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Мазкур ҳужжат билан «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга ҳамда Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани таъкидланди.

Жумладан, Қонунга киритилган ўзгартириш билан, нарх-наво ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг якунига қадар айрим турдаги акциз солиғи ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб туриш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланилган сув ҳажмлари бўйича солиқ ставкаларининг белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилиши ҳам белгиланмоқда.

Шу билан бирга, Президентнинг фармон ва қарорлари билан иқтисодиётни ривожлантириш учун кўрилган чоралар асосида Солиқ кодексига:

қонунчиликда белгиланган алоҳида солиқлар ва йиғимлар бўйича имтиёзлар бериш ҳамда солиқ ставкаларини ўзгартириш, тўлов муддатларини узайтириш;

солиқлар, пеня ва жарималар тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ёки муддатини узайтириш;

мажбурий ундириш чораларини тўхтатиб туриш каби бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Иқтисодиёт йўналишига тўхталадиган бўлсак, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг январь-сентябрида ЯИМнинг ўсиши 0,3-0,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ, «темир дафтар»га киритилган, муҳтож, ночор ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қурбон Ҳайити байрами арафасида 154 млрд. сўм моддий ёрдам, август ойида 260 млрд. сўм бир марталик моддий ёрдам, шунингдек, тез тиббий ёрдам бригадаларининг 41 мингдан ортиқ ходимларига бир марталик пул мукофотлари учун 141 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган жами 845 минг нафардан ортиқ болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 422 млрд. сўм бир марталик ёрдам тўловлари амалга оширилган.

Яна бир жиҳат. Ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 2 трлн. 824 млрд. сўм маблағ, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 1 трлн. 211 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?