Қўмита мажлисида кенг жамоатчилик эътиборида бўлган қонун муҳокамаси давом эттирилди

18:32 15 Январь 2024 Сиёсат
560 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Аввалроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилган эди. Ушбу мажлисда Қонунга сезилаётган эҳтиёж ва зарурат атрофлича тушунтирилган эди.

Бугун, 15 январь куни бўлиб ўтган навбатдаги Қўмита мажлисида ҳам мазкур Қонун муҳокамаси давом эттирилди.

Унда сенаторлар, Қўмита ҳузурида ташкил этилган Эксперт гуруҳи аъзолари, соҳа мутахассислари, олимлар, шунингдек, Ички ишлар, Адлия ва Рақамли технологиялар вазирликлари, Божхона қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, Бош прокуратураси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Мажлисда Қонуннинг дастлабки муҳокамаси ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлгани айтиб ўтилди. Шу боис Қўмита мажлисига таклиф этилган ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштиришга, шу жумладан ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга, ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга, шунингдек йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилмоқда.

Тадбирда келтириб ўтилганидек, айрим ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда.

Жумладан, 2023 йилнинг 11 ойида эса 8 693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 055 нафар инсон тан жароҳати олган.

2020 йилда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 25 035 та, 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Энг ачинарлиси, фақатгина 2023 йилда қарийб 6 минг ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган.

Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020-2023 йилларда қарийб 500 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 271 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Ўтказилган ўрганишлар таҳлили кўрсатишича, йўл ҳаракати қоидабузарликлар учун амалдаги қонун ҳужжатларида таъсир кўрсатувчи омиллар мавжуд эмаслиги ва бу билан жазо муқаррарлиги таъминланмаганлиги йўл-транспорт ҳодисалари кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлмоқда.

Муҳокама қилинаётган Қонун билан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қўпол қоидабузарликлар содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш ҳамда сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ишлайдиган транспорт воситалари иштирокидаги ҳодисалар бўйича алоҳида моддаларда маъмурий ва жиноий жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Мутахассислар томонидан шу каби ҳолатлар инобатга олиниб, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланаётгани айтиб ўтилди.

Мажлис давомида мазкур Қонуннинг жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлган моддалари бўйича журналистлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Мажлис якуни бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?