Қўмита мажлисида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасини тартибга солувчи қонун ҳар томонлама муҳокама қилинди

20:44 21 Декабрь 2022 Сиёсат
454 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Жорий йил 21 декабрь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган қонун ва масалаларга эътибор қаратилди.

Хусусан, иштирокчилар мажлис аввалида 2023 йилга мўлжалланган Давлат бюджети масалаларини дастлабки тарзда кўриб чиқди, шундан сўнг янги таҳрирдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ҳамда Қуролли Кучларни ривожлантириш, мамлакат мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамланиши ва Мудофаа вазирлиги тизимида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолатига оид масалаларни муҳокама қилди.

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий вазифалари ва принциплари белгиланган. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи субъектлар доираси, уларнинг ваколатлари, фаол иштирок этувчи фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш тартиби мустаҳкамланган. ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ОАВ ва фуқаролар иштирокига оид масалалар ёритилган, ҳуқуқбузарликларнинг умумий, якка тартибдаги, виктимологик профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси каби турлари белгиланган ва уларни қўллаш шартлари ва асослари очиб берилган.

Шундай бўлсада, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан тегишли соҳа мутахассислари, экспертлар, олимлар иштирокида ўтказилган муҳокамалар таҳлили шуни кўрсатдики, Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор масалалар мавжуд бўлиб, Қўмита мажлисида айни шу жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, муҳокама қилинаётган қонун билан «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг ёш бўйича нормаларида номувофиқлик мавжуд, яъни вояга етмаганлар ва 21 ёшгача бўлган шахслар билан боғлиқ муносабатларга ҳар иккала қонунда ягона ва мақбул ёндашувни ифода этиш лозим. Зотан, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунда вояга етмаганларга алоҳида урғу берилмоқда. «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонунда эса 21 ёшгача бўлган шахсларга худди шу тарзда ёндашилмоқда. Бундай номувофиқлик эса амалиётда қонунларни қўллаш билан боғлиқ жиддий муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Шунингдек, Қонуннинг 3-моддасида баён этилган асосий тушунчаларда вояга етмаган назоратсиз шахс вояга етмаган шахснинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари уни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги оқибатида хулқ-атвори назоратсиз қолган, вояга етмаган шахс сифатида таърифланган.

Мазкур масалада вояга етмаган шахснинг ота-онаси томонидан таъминлаш мажбурияти турлича тушунилишини инобатга олиш лозим. Айнан Конституциянинг 64-моддасига мувофиқ ота-оналарга ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш мажбурияти юклатилган.

Шунга асосан вояга етмаган назоратсиз шахс бўйича берилаётган тушунчани Конституциянинг 64-моддасига мувофиқлиги жиҳатдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Бундан ташқари, Қонуннинг 43-моддасида расмий огоҳлантириш тартиби ва

48-моддасида шахсни профилактик ҳисобга қўйиш тартиби белгиланган. Уларда расмий огоҳлантириш ва профилактик ҳисобга қўйиш тўғрисидаги қарор шахсга имзо қўйдириб эълон қилиниши белгиланмоқда.

Бироқ Конституциянинг 30-моддасида барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозимлиги қайд этилган.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун жиддий қайта кўриб чиқишга муҳтож ва унинг ҳозиргидек ҳолатда маъқулланиши амалиётда самарадан кўра кўпроқ муаммо туғдиради.

Шундан сўнг Қўмита мажлисида мамлакатимиз Қуролли Кучлари қурилиши ва уни янада ривожлантиришнинг долзарб муаммолари, фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташи ва мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлашга оид бошқа масалалар юзасидан Мудофаа вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, шунингдек 2022 йилнинг ўтган даврида Мудофаа вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолати эшитилиб ва муҳокама қилинди.

Муҳокамалар сўнггида юқоридаги ҳар масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер