Қўли гулдир қишлоқ аёлин

16:47 14 Октябр 2022 Жамият
455 0

Фото: Халқ сўзи

Наманганлик аёллар момомерос ҳунарларни эъзозлаб, авлодлар оша давом эттириб келишаётганидан фахрланадилар. Масалан, Чустнинг бошга ярашиб турадиган дўппилари, гуллар шаҳрида тўқилаётган адрасу атлас, Попда сайқал топаётган кулолчилик буюмлари айни қўли гул опа-сингилларимизнинг қунту меҳнати туфайли элга машҳур. Эндиликда миллий ҳунармандчилик Наманган вилоятининг барча ҳудудларида кенг қулоч ёзмоқда. Бу 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни олдидан Тўрақўрғон туманида ташкил этилган «Энг намунали ҳунарманд аёл» кўрик-танловида ҳам ўз исботини топди.

Танловда тумандаги 67 маҳалланинг уй меҳнати, дўппидўзлик, каштадўзлик, зардўзлик, тикувчилик ва тўқимачилик, кулолчилик ҳамда санъат буюмлари йўналишида ўзини ўзи банд этган аёллар бир манзилга жамландилар.

Ҳунармандчилик сир-асрорларини пухта эгаллаган нозик жинс вакилаларининг кўрсатса арзийдиган қўл меҳнати намуналари салмоғи катта. Биргина Ибрат номидаги маҳаллада 8 нафар аёл ҳунармандчилик фаолияти билан хонадонига барака киритмоқда. Улардан бири Нигора Турдалиева кўрпа-тўшак тикиш билан банд. МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олган Нигора ёнига 10 нафар қўшнисини тортиб, ишлаб чиқаришини кенгайтирди. Янгиҳаёт маҳалласида истиқомат қилаётган 62 ёшли Роҳила ая Умарова тикаётган белбоғ, чойшаб ва бошқа тикувчилик буюмларининг ҳам харидори чаққон. Туркистон маҳалласидан Гулмира Тошматова қўлидан чиқаётган сопол буюмлар эса уста кулоллар ижод маҳсули билан бемалол баҳслаша олади. Танловда ўзининг хушбўй ифорли сунъий гулларини намойиш қилган «Тепа Найманча»лик Маҳлиё Алижонованинг маҳорати ҳам кўпчиликни ҳайратга солди.

— Қўлидан кўп нарса келадиган қишлоқ аёли бугун ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчисига айланган, — дейди Тўрақўрғон туман ҳокими ўринбосари Феруза Солиева. — Хусусан, оила юмушлари, фарзанд тарбияси баробарида ҳунармандчиликнинг у ёки бу тури билан астойдил шуғулланаётган опа-сингилларимизнинг ғайрат ва интилишларига ҳавас қиласан киши.

Танловга тақдим этилган ҳунармандчилик намуналарини талабчанлик билан баҳолаган ҳакамлар хайъати турли номинатсиaлар бўйича ғолибаларни эълон қилди. Уларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер