Қизилтепада маст ҳайдовчи пиёданинг умрига зомин бўлди

18:38 24 Ноябрь 2020 Жамият
292 0

Хатирчи туманининг «Гулистон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4P-56 автомобиль йўлининг 16-километрида «Лангар-Оқтош» йўналиши бўйича «Ласетти» русумли автомашинада ҳаракатланиб келаётган Ғ.Р. (Хатирчи тумани «Майдонсой» МФЙда яшайди) бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади. Натижада қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Дамас» русумли автомашина билан тўқнашиб, унинг йўловчиси бўлган Н.З. «бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши, чап болдир суяги синиши» каби тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига ётқизилди.

Ҳодисанинг сабаблари ўрганилганида, ҳайдовчи Ғ.Р. спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги сабабли ҳаракатланиш давомида маст ҳолда бўлганлиги, қувиб ўтиш қоидаларини бузганлиги боис мувозанатни сақлай олмай қарама-қарши йўналишга чиқиб кетганлиги ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз юрганлиги аниқланди.

Маст ҳолда автомашина бошқариш Қизилтепа туманида эса бир бегуноҳнинг умрига зомин бўлди. Туман ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятга эга М-37 йўлнинг 204-километрида «Бухоро – Навоий» йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Ў.Х. «Нива» русумли автомашинасида ўзининг йўналиши бўйича йўлнинг ўнг четки қисмида ҳаракатланиб келаётган – 1972 йилда туғилган фуқаро Ў.Э.ни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Ачинарлиси, ҳайдовчининг жабрланувчига биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатмасдан қочиб кетганлиги оқибатида, пиёда оғир тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳар икки ҳолат бўйича ҳам Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айбдорлар қилмишига яраша жазосини олиши шубҳасиз. Эҳтимол, улар бундай ҳуқуқбузарликни қайта содир этмас ҳам, жароҳат олган кимса ҳам ҳеч нарса кўрмагандай бўлиб кетар, лекин 48 ёшни эндигина қаршилаган кишини ҳаётга қайтариб бўлмаслиги аниқ. Маст ҳолда кўра-била рулга ўтириб, бировнинг умрига зомин бўлишнинг исноди ёмон.

Темур ЭШБОЕВ,
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?