Қисмат йўллари чигал бўлса-да, манзили бирдек ёруғ

12:52 28 Декабрь 2021 Жамият
476 0

Бир қадар маҳзун, контрастларга бой, аммо тошни ёриб чиққан майсадек умидбахш «Тенгиз» фильмини кўпчилик томоша қилган.

Тенгиз образи прототопи Манзура Эрниязова эса Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ шаҳрида яшайди. Кўп йиллар бурун бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёқ-қўлидан ажралган Манзура опа инсон иродасини чеклаб бўлмаслиги, одамзот ўз ботиний қувватини жамлаб олса, ўз тақдирини, ўз ҳаётини ўзгартиришга қодир эканини ҳаётда исботлаб келаётган метин аёл.

Бир пайтлар ишни бир қўлда миллий либослар тикишдан бошлаган Манзура опа Президент Халқ қабулхонаси кўмаги билан бугун ўз кичик корхонасига, кийимларни кимёвий тозалаш ускунасига, энг асосийси ўзи ишига ва даромад манбаига эга.

Шу боис ҳам унинг матонати тасвирланган Тенгиз образи бугун нафақат ногиронлиги бор, балки тўрт мучаси соғ бўла туриб оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган кўплаб инсонларгада қўшимча мотивация бергани рост. Шу боис Тенгиз образи ҳаётнинг оғир машаққатларини енгиб ўтиб, давлатимиз ёрдами билан катта йўлга чиқиб олган, ўзи учун барқарор ризқ-насиба манбаини ўзи бунёд этаётган Инсон тимсолига ҳам айланган.

Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими, аҳоли муаммолари билан ишлашнинг аниқ механизми, Халқ қабулхоналари ва секторлар ҳамкорлиги туфайли бугун ижтимоий ҳимояга муҳтож минг-минглаб инсонлар худди Тенгиз каби ўзининг кичик, мўъжаз қут-барака манбаини барпо қилмоқда.

Оролбўйининг энг олис, чекка овулларида бўлганимизда, абгор турмуш машаққатларини енгиб ўтаётган кўплаб тенгизларни учратдик. Уларнинг қисмат йўллари чигалу турфа бўлсада, манзили бирдек ёруғ. Бу инсонларни давлат қўлловига таянч, эртанги кунга ишонч ва албатта, фаровон ҳаётга интилиш, ният, сўз ҳамда амал якдиллиги бирлаштириб турибди.

Мавзуни давом эттиришдан аввал бир оз таҳлилларга мурожаат қилсак. ўтган йили ва шу йилнинг 11 ойи давомида Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Оролбўйи аҳолисидан 98,9 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 68 минг 610 дан зиёди ёки 71 фоизи қаноатлантирилган.

Соҳалар кесимида таҳлил қилинса, энг кўп мурожаатлар иш билан таъминлаш, ижтимоий нафақа белгилаш, банк кредитлари ажратиш масаласидадир. Бу уч масаланинг илдизи битта — барқарор даромад манбаининг йўқлиги. Оқибати эса маълум — йўқчилик, камбағаллик.

Шу боис Оролбўйида ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламининг ўзини-ўзи эплаб кетиши, доимий иш ўрни ва ризқ-насиба манбаига эришиши учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Юқорида қайд этилган муддатларда Президент Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига Оролбўйи аҳолисидан банк кредити олиш масаласида келиб тушган қарийб 5,2 минг мурожаатнинг 1,99 мингдан зиёди ҳал қилинган. Шу даврда «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури бўйича 30 минг 848 та лойиҳага 840 миллиард 832 миллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилган.

Айнан шундай кредитлардан оқилона фойдалана олган инсон, бу — берунийлик Нигора Қўзибоева. У ҳам, тақдир экан, 9 йил аввал турмушидан ажрашгач, икки фарзандини улғайтириш, рўзғор тебратиш машаққатини елкасига олди.

Аввал уйда тикувчилик қилди, чевар сифатида танилди. Сўнг тикувчилик корхонаси очиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатидан кейин бу аёлга ўзи яшаётган Алишер Навоий номидаги маҳалла фуқаролар йиғини биносидан бир хона беғараз ажратилди. 28,5 миллион сўм кредит берилди. Нигора бу пулга тикув машиналари сотиб олиб, шу йил аввалида иш бошлади, 6 нафар хотин-қизни ишли қилди. Масъуллар ҳамиша унинг фаолиятини ўрганиб, муаммоларини ҳал қилишда ёрдам бериб борди.

Ҳозир мўъжаз корхонада барча фасл учун либослар тикилмоқда. Бу ерда оддий аёллар кўйлагидан тортиб куртка, пальтогача топиш мумкин.

Нигора Қўзибоева ишнинг кўзини билгани учун ҳам бу йил «Йил аёли» миллий танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида «Энг фаол ишбилармон аёл» номинацияси ғолиби бўлди.

Ишлари юришиб кетган аёл яқинда ер ҳам сотиб олди. Икки қаватли тикувчилик корхонаси қуриш учун пойдевор қўйди.

Тўрткўллик 31 ёшли Гулноза Бекчанова анчадан бери бичиш-тикиш билан шуғулланарди. Буюртмалар кўпайгач, ишини кенгайтирмоқчи бўлдию, имкон тополмади. Биргина мурожаат Гулнозахоннинг наинки муаммоларини ечиб берди, балки уни каттароқ мақсадларга ҳам ундади.

Яқинда Гулнозахонга мурожаатидан сўнг ажратилган 33 миллион сўм кредит эвазига ўз уйида кичик тикувчилик цехи ташкил қилиб берилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 5-6 нафар хотин-қиз шу ерда ишли бўлди, ўнлаб аёллар эса ҳунар ўрганмоқда. Улар, асосан, замонавий парда, дастурхон ва кўйлаклар тикишяпти. Унинг айтишича, олинажак даромад ҳамма харажат — маошу кредит тўлови, ҳатто рўзғор камини тўлдиришга ҳам бемалол етмоқда. «Бир ҳаракатга ўн баракат» деганлари шу бўлса керак.

Сурхондарёлик экспортёр ҳунарманд Жумагул Ёрматова эса яқинда Элликқалъа туманига келиб, Халқ қабулхонаси ва секторлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича каттагина лойиҳа бошлаганига гувоҳ бўлдик.

Бу аёл ўн йилдан бери Сурхондарёда ипак, пахта толаси, қўй ва туя юнгидан калава олиб, гилам тайёрлайди. Уларга рўян илдизи, заъфарон уруғи, пиёз, ёнғоқ ва анор пўстлоқлари билан ранг берилади. Юз фоиз табиий маҳсулотдан тайёрланган гиламлар, асосан, Германия, Франция, Россия, Эрон, Покистон, Туркия, Саудия Арабистони каби давлатларга экспорт қилинади.

Жумагул опанинг корхонаси бир ойда ўртача 300 квадрат метр гилам тайёрлашга улгурмоқда, хориждаги ҳамкорлар эса ойига минг квадрат маҳсулот сўраб турибди. Шунинг учун ҳам опа жорий йилнинг ўзида Элликқалъада камида 200 та хотин-қизнинг ўз уйида шу иш билан банд бўлишини таъминлашни мақсад қилган.

Берунийлик 27 ёшли Энажон Матдурдиева аёллар учун бир оз ноодатий касб — темирчилик билан шуғулланиб икки фарзандини улғайтирмоқда. У ишни аввал темир дарвозаларга бўёқ сепишдан бошлаган. Сўнг темир кесишу пайвандчиликни ҳам ўрганган. Энажоннинг мурожаатидан сўнг унга пайвандлаш ускунаси олиб берилди, кредит ажратилди ва у яқинда мана шу бир хонада ўзининг кичик цехини ташкил қилди.

Энажон ёнидаги бошқа усталарнинг ҳам дарвоза-эшикларини бўёқлаб бериб, ойига 3-4 миллион сўм ишлаб топади. Айтишича, бу маблағ унга етиб турибди. Ўзи ясаган маҳсулотлардан келган даромадга эса яна темир хомашёси сотиб олиб, эшик-дарвозалар турини кўпайтирмоқда. Асосий мақсади мазкур йўналишда ўзининг катта корхонасини ташкил қилиш.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. 63 ёшли Ойгул Абдуллаева эса Тўрткўлнинг Шодлик маҳалласида яшайди. Ўтган йили бу аёлнинг ўзи ҳам ишсиз, доимий даромад манбаида йўқ эди. Унинг ҳам мурожаатидан сўнг, уйида иссиқхона қилиши учун шароит яратиб берилди, ёрдам кўрсатилди, кредит ажратилди. Аёл дастлаб 3 сотихча ерда иссиқхона қуриб, гул парваришлашни бошлади. Гуллар турию сонини кўпайтирди.

Ҳозирда мана шу мўъжаз иссиқхонада 100 турдан зиёд гул барқ уриб турибди. Давлатимиз ёрдами билан бошланган ўзи кичик иссиқхона бамисоли ризқ-бараканинг қайнар хумчасига айланган: бир томондан гул пулга айланаверади, яна гуллар ўсаверади. Шунинг учун бу йил Ойгул опа яна 2,5 сотих ерда иссиқхона қурдирди: ҳозирда саримсоқ, укроп, помидор-бодринг ва бошқа кўкатлар экилган. Муҳими, аёлнинг ўзи ҳам, келинию қизи ҳам ўз уйида ишли бўлди, доимий ризқ-барака манбаига эришди.

Ҳа, давлат қўлловига таянч ҳар бир инсоннинг эртанги кунга, адолат ва ҳақиқат куч-қудратига ишончини янада мустаҳкамлайди. Давлатимиз раҳбари асос солган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига асос бўлаётган «инсон — жамият — давлат» тамойилини амалда қарор топтириш, аҳоли муаммолари билан энг қуйи бўғинда ишлаш, ҳар бир оилага, ҳар бир инсон қалбига кириб бориш йўлидаги халқчил ислоҳотлардан кўзланган мақсад эса эзгу — инсон қадри учун курашиш!

Халқ розилигини, халқ ишончини фақат ва фақат амалий ишлар билангина қозониш мумкин.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер