Қирғизистонлик болалар ёзги таътилни Фарғонада ўтказмоқда

12:58 01 Август 2022 Жамият
377 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан қирғизистонлик 54 нафар ўғил-қиз водийнинг сўлим табиат бағрида жойлашган «Тонг» болалар оромгоҳида ҳордиқ чиқармоқда.

— Қардошлик ва дўстлик алоқаларини янада яхшилашда бу каби эзгу ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга, — дейди оромгоҳ раҳбари Хуршидбек Абдуллаев. — Қўшни мамлакатдан келган болажонларнинг ёзги таътилни, мароқли ўтказиши, унутилмас таассуротлар олиши учун ранг-баранг дастурлар тайёрланган.

Оромгоҳда рус, инглиз ва корейс тили, компьютер саводхонлиги, рақс, сузиш, футбол, волейбол каби ўндан ортиқ тўгараклар фаолият кўрсатмоқда.

— Ўзбекистонга келиш ва янги дўстлар орттириш орзум эди, «Тонг» оромгоҳида дам олиб, ана шу орзум амалга ошди, — дейди қирғизистонлик Нурсултон Турсунқулов. — Бу ерда Ҳасан ва Ҳусан, Искандарбек исмли тенгдошларим билан дўст бўлдим. Ҳар куни биргаликда футбол, теннис, шахмат ўйнаймиз. Бу ернинг табиати, одамлари менга жуда ёқди. Ватанимизга қайтгач, оромгоҳда олган таассуротларим, ўзбек дўстларим ҳақида ўртоқларимга сўзлаб бераман.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер