Қирғизистон Тожикистон билан тўқнашувда 59 киши қурбон бўлганини маълум қилди

22:36 18 Сентябр 2022 Дунё
961 0

Фото: РИА «Новости»

Қирғизистоннинг Боткен вилоятида Тожикистон билан қуролли тўқнашув натижасида ҳалок бўлганлар сони 59 кишига етган. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

«Тезкор маълумотларга кўра, Боткен вилояти соғлиқни сақлаш муассасаларига яна 13 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади келиб тушган. Қуролли тўқнашувлар натижасида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 59 нафарни ташкил этади», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида.

Шифокорларнинг маълумотларига кўра, бундан ташқари, яна 144 нафар тан жароҳати олган фуқаролар соғлиқни сақлаш муассасаларига ётқизилган. Улардан 7 нафари амбулатор даволанишга юборилган.

Жабрланганларнинг аксарияти Бишкек ва Ўш шаҳарларидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига (102 киши) етказилган, қолганлари Боткен вилоятидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида стационар даволанмоқда.

Қирғиз-тожик чегарасида қурол қўллаш билан боғлиқ можаро 14 сентябрь куни бошланган эди. Ҳар икки томондан қурбонлар ва жароҳатланганлар бор. Хусусан, Тожикистон томони 30 дан ортиқ қурбонлар ҳақида хабар берди. 

Ушбу тўқнашув халқаро ташкилотларнинг ҳам норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, Туркий давлатлар ташкилоти фуқаролик инфратузилмасига оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовузни қоралашини маълум қилди.

Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) тинч аҳолига, фуқаролик инфратузилмасига, жумладан, мактабларга қарши оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда тажовузни қоралайди. Бу ҳақда ташкилот сайтида баёнот берилди.

«Туркий давлатлар ташкилоти тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмасига, шу жумладан мактабларга нисбатан оғир ҳарбий қуроллардан фойдаланган ҳолда ҳужумни қоралайди ва ҳодисани ҳал қилишда вазминлик ва мавжуд тинч йўл билан кескинликни юмшатиш доирасида тезкор чоралар кўришга чақиради», дейилади мурожаатда.

Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистонни келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал қилишга чақирди. Европа Иттифоқи Қирғизистон ва Тожикистонни ҳар қандай келишмовчиликни тинч йўл билан ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи баёнотида айтилади.

«Сўнгги кунларда Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги чегаранинг турли участкаларида чегарачилар ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлди. Умумий чегара бўйлаб бундай кескинлашув минтақавий барқарорликка зарар келтиради. Европа Иттифоқи жума куни эришилган сулҳ битимини олқишлайди. Биз ҳар икки томонни ўт очишни тўхтатиш келишувининг самарали амалга оширилишини таъминлашга ва кескинликни камайтириш ва мавжуд келишмовчиликларга имкон қадар тезроқ барқарор ечим топиш учун барча саъй-ҳаракатларни қилишга чақирамиз. Биз ҳар қандай келишмовчиликни тинч, дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирамиз. Европа Иттифоқи ўзининг ёрдам таклифини, шунингдек, минтақадаги барқарорлик ва фаровонлик учун кучли сиёсий ёрдамни давом эттиришини тасдиқлайди». дейилади Европа Иттифоқи баёнотида.

Айни пайтда Қирғизистон ва Тожикистон ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқиш бўйича келишувларга амал қилмоқда.

Қирғизистонда 19 сентябрь миллий мотам куни деб эълон қилинди.



Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер