Танзила Нарбаева Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашди

08:48 25 Июнь 2022 Сиёсат
892 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Чўлпон-Ота шаҳрида (Қирғизистонда) бўлиб ўтган Туркий тилли мамлакатлар Парламент ассамблеясининг (ТуркПА) XI ялпи мажлисида иштирок этди.

Шу йил 24 июнь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг ТуркПА мажлисида иштирок этаётган парламент делегациялари раҳбарлари билан қисқача учрашуви бўлиб ўтди.

Қирғизистон раҳбари Бишкек туркий давлатлар билан алоқаларни чуқурлаштиришга катта аҳамият бераётганини ва ТуркПАга асос солган давлатлардан бири сифатида ушбу парламентлараро бирлашма мамлакатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бирдамлик намунаси сифатида шаклланишидан манфаатдор эканини таъкидлади.

Хусусан, Президент С.Жапаров Ўзбекистон билан кўп қиррали алоқалар жадал ривожланиб бораётганини, Президент Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли ўзаро алоқалар стратегик ҳамкорлик хусусиятига эга бўлганини мамнуният билан қайд этди.

Давлат раҳбари билан учрашувда Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Торағаси Талант Мамитов, Озарбайжон Республикаси Милий Мажлиси Раиси Сагиба Гафарова, Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Раиси Мустафо Шентоп, Венгрия парламенти раиси ўринбосари Шандор Лежак ва Туркманистон Миллий Генгеши Халқ маслаҳати раиси ўринбосари Қосимгули Бабаев ҳам иштирок этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер