Қимматга тушаётган бошпана ёхуд талабалар учун «Аспирин»

22:42 13 Январь 2021 Жамият
350 0

2021 йилнинг 11 январь кунидан умумтаълим, олий ва ўрта махсус таълим тизими яна тўлиқ анъанавий ўқиш жараёнига қайтди. Бу бир томондан қувонарли, албатта. Аммо масаланинг талабалар ва уларнинг ота-оналари учун ҳақиқий бош оғриқ бўлган томони ҳам бор. Бу таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган талабаларни ётоқ-жой билан таъминлаш муаммоси билан боғлиқ.

Айни пайтда Фарғона вилоятида ўнлаб олий таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Афсуски, кейинги пайтда ташкил этилган янги олий таълим муассасаларида талабани ётоқхона билан таъминлаш масаласи энг оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. Жанубий Корея, Латвия олий таълим даргоҳларида талабаларнинг контракт тўлови мамлакатимиздаги мавжуд нархлардан бир неча баробар қиммат. Лекин бу ерда ўқиётган фарзандлари учун (Фарғона шаҳрида доимий яшамайдиган оилалар, албатта) ота-оналар ижарага жой топиш масаласида яна харажат қилишларига тўғри келади. Бугунги кунда Фарғона шаҳри марказида ижарага бериладиган икки хонали уйнинг бир ойлик нархи ўртача 1 миллион сўмни ташкил этади. Уйдаги яратилган замонавий шароитларга қараб уй нархи ошиб бораверади.

Маълум бўлишича, Фарғона давлат университетининг бинолари сиғими 4,5-5 минг талабани қамраб олишга мўлжалланган. Ҳозирда бу ерда бинолар сиғимидан уч баробар кўп – қарийб 15 минг нафар талаба таҳсил олмоқда. Тўғри, талабаларнинг бир қисми атроф туманлардан қатнайди. Аммо уларнинг салмоқли қисми Фарғона шаҳридан ижарага жой излаб сарсону саргардон.

Пойтахт – Тошкентдаги ҳолат эса янада аянчли. Маълумотларга қараганда, аксарият ОТМларнинг талабалар турар-жойлари нари-борса 25-30 фоиз талабаларни жой билан таъминлаши мумкин. Бу ётоқхоналардаги шароитлар эса кўнгилдагидек эмас. Ювиниш, ҳожатхона, ошхона шароитлари, иситиш тизимлари аксарият ҳолларда замонавий шароитларга жавоб бермайди.

Шу кунларда Фарғонадан бориб, Тошкент давлат юридик, шарқшунослик, жаҳон тиллари университетлари сингари ўнлаб нуфузли таълим даргоҳларида ўқиётган талабалар билан суҳбатлашдим. Ўзини ошкор этса, ректоратдан маломатга қолиши мумкин бўлгани учун исм-шарифини айтишдан қўрққан талабаларнинг арз-додига бир қулоқ тутинг!..

— Бу йил уч нафар синфдош юридик университетга ўқишга кирдик, —дейди вилоятнинг Сўх туманидан бўлган йигитлар. — Аммо биз талабалар ётоқхонасига жойлаша олмадик. Ҳозирги кунда Юнусобод туманида ойига ҳар биримиз 120 доллардан пул тўлаб уч хонали уйда 360 долларга ижарада турибмиз.

Шарқшунослик университетида Фарғона шаҳридан келиб ўқиётган талабанинг алами ҳам улардан кам эмас.

— Университетимизда ётоқхона жуда кичик бўлганлиги учун асосан фақат кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва ногирон талабаларга жой берилиши мумкин экан, — дейди у. — Ўқиш ташвишлари бир чарчатса, кунда ўқишдан сўнг ижарага жой излаб шаҳар кезиш минг марта чарчатяпти. Устозлар ҳар куни қўшимча топшириқ беради, уни бажариш учун хотиржамлик ва қулай шароит керак. Шу боис қўшимча хорижий тилларни ўрганиш, маънавий ва жисмоний баркамолликка эришишга кетадиган куч-билим, салоҳиятни арзимас нарсаларга увол қилаётганимиздан афсусдаман. Аксарият тенгдошлар бир олам орзулар билан пойтахтга келганмиз. Ижара уй эгалари талабалигимизни билгач, ойлик ижара нархини икки ҳисса ошириб олишади. Оилали учун ойига 200 доллар бўлган ўртача икки хонали уй талабаларга 300 доллар...

Бағдод туманилик яна бир талабанинг фиғонидан ҳам ўт чиқади.

— Ётоқхонада бир кун иссиқ сув бўлмаса, иккинчи куни иситиш тизими ишдан чиқади, — дейди у. — Ётоқхона масъуллари талабани худди душман сингари кўради. Ўқишдан сўнг қўшимча машғулотларга қатнаб, бироз кеч қолсангиз, ётоқхонага кириш учун унга соатлаб ялинишингиз зарур. Кечқурун китоб ўқисангиз, чиқиб чироқни ўчиришга мажбурлайди. Баъзан ярим кечаси йўқлама қилиб қолгилари келади. Хуллас, ётоқхонада яшаш фақат асаббузарлик...

Яқинда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов телевидениедаги чиқишларидан бирида Тошкентда арзон ва замонавий талабалар турар-жойлари қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида гапирди. Хўш, бу режа қачон амалга оширилади? Нима учун ҳамма ўзини уй қурилиши бизнесига урган пойтахтда талабалар учун ётоқхона кўринишда бўлса-да, ҳамёнбоп турар-жойлар қуриш мумкин эмас?

Келажак бугундан бошланади. Эртанги кун истиқболи бугунги ёшлар, айнан талабалар учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитларга боғлиқ. Истасак-истамасак бундай саъй-ҳаракатлар баркамол авлод орзуси йўлидаги эзгу ташаббусларнинг узвий бир бўлаги эканлигини асло унутмаслигимиз лозим.

Хуллас, талабаларни олтин даврнинг энг ёмон бош оғриғи учун ҳар куни «Аспирин» дорисини ичишдан халос этишимиз керак. Чунки алдагани бола — талаба яхши эмас!..

Ботир Мадиёров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?