Қийноққа оид яна бир мурожаат ёлғон бўлиб чиқди

10:57 15 Сентябр 2021 Жамият
285 0

 

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Бухоро вилояти Қоровулбозор жазони ижро этиш колониясида (ЖИЭКда) маҳкумларга тазйиқлар бўлаётганлиги, колониянинг махсус бўлими томонидан маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилинмаётганлиги ҳамда Мирзоҳид исмли маҳкум колония раҳбарининг биринчи ўринбосари томонидан калтакланиб, тишлари синдирилганлиги ҳақида хабар жойлаштирган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ахборот хизмати маълум қилишича, мазкур ҳолат Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Зебунисо Муҳаммедова томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Омбудсманнинг минтақавий вакили З.Муҳаммедова маҳкум М.Ботиров билан шахсан учрашиб, суҳбат ўтказганида, у хабарда ёзилган маълумотларни тасдиқламади. 

Маҳкум М.Ботировнинг сўзларига кўра, колония ходимлари томонидан унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмаган, ҳеч ким томонидан калтакланмаган ва тишларига ҳам зарар етказилмаган. Шунингдек, у колонияда унга нисбатан яхши муносабатда бўлинаётганлигини, зарур бўлганда тиббиёт бўлими ходимлари томонидан керакли муолажалар қилиниб, дори-дармонлар берилаётганлигини ҳамда ойлик маошларини ўз вақтида олаётганлигини қайд этган.

Ижтимоий тармоқда тарқатилган мазкур хабар юзасидан ўтказилган ўрганиш ишлари давомида маҳкумнинг танасида ва оғиз бўшлиғида ҳам қийноқ аломатлари топилмади.

Шунингдек, Омбудсманнинг минтақавий вакили колонияда жазо муддатини ўтаётган 5 нафар маҳкум билан ҳам яккама-якка тарзда суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида улар томонидан ҳам ижтимоий тармоқда тарқатилган мурожаатда қайд этилган ҳолатлар тасдиқланмади.
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?