Қийноқ ҳолатларини аниқлаш тизими такомиллаштирилади — Президент қарори лойиҳасида нималар акс этган?

08:11 31 Март 2021 Жамият
533 0

2021 йил 30 март куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда  Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этиш лозимки, мазкур лойиҳа «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури»нинг 23-бандида белгиланган эди.

Таъкидланганидек, Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ҳам давлатимиз зиммасига юклатилган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир.

Давлат раҳбарининг дунёнинг энг нуфузли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлган ташкилот минбаридан туриб, Қийноқларга қарши конвенциянинг Факультатив протоколини ратификация қилиниши ва бу борада ҳамкорликда ишлаш мақсадида Қийноқлар масаласи бўйича махсус маърузачини Ўзбекистонга таклиф этишга тайёргарлик кўрилаётганини билдирди. Бу эса Ўзбекистон халқаро майдонда очиқлик сиёсатини илгари сураётганидан далолат.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Омбудсман зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга киришилгани, Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинаётгани ва қувонарлиси, йилма-йил ушбу муассасаларда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини қайд этди.

Инсон ҳуқуқлари муаммоси бугунги кунда инсоният олдида тураётган энг долзарб муаммолардан биридир. Айнан инсон ҳуқуқларининг таъминланганлик даражаси билан давлатнинг демократик ривожланганлик даражаси ўлчанади, инсон ҳуқуқлари муайян бир мамлакатда демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш сиёсатининг ўзига хос барометри ҳисобланади.

«Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш» бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилиб халқимиз муҳокамасидан ўтказди.

Давра суҳбатида мазкур ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари таркибини кенгайтириш, қолаверса, жамоатчилик гуруҳларига экспертларни жалб қилиш касбий малака, тажриба ҳамда гендер тенглиги бўйича мезонлар белгиланади.

Бундан ташқари, қийноқнинг олдини олиш фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича «Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларнинг ягона реестри» электрон тизимини юритиш йўлга қўйилади. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар телефон орқали, шу жумладан, видеоконференсалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Омбудсманнинг “call-маркази» (мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази) ҳамда веб-сайтида махсус рукн ташкил қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларининг янги таҳрирдаги лойиҳалари ишлаб чиқилади. Унда қийноқнинг олдини олиш тартиби, қийноқдан жабрланган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш, қийноқ жиноятини содир этган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштириш, жавобгарликка тортиш муддатининг ўтганлиги, амнистия институтларининг қўлланилмаслиги назарда тутилмоқда.

Яна бир жиҳат. Муҳокамага қўйилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси қийноқнинг олдини олиш бўйича миллий тизимни умумэътироф этилган халқаро-ҳуқуқий стандартларга мувофиқлаштирилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, давра суҳбатида мазкур йўналишда амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга эътибор қаратилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?