Қашқадарёлик ижодкорлар ота юртида жам бўлишди

12:45 14 Май 2024 Жамият
99 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё юртга Абдулла Ориповдай даҳо адибни етиштириб берган қутлуғ замин, Нормурод Нарзуллаев, Жуманиёз Жабборов сингари забардаст халқ шоирларига, Бегали Қосимовдай маърифатпарвар алломаларга, Қодир бахши, Шомурод бахши каби эл эъзозидаги бахшиларга бешик бўлган табаррук маскандир.

Бир вақтнинг ўзида тўрт томонида тўрт фаслни кўриш мумкин бўлган, тоғлари, дарёлари, ҳатто чўлу даштлари ҳам кишига завқ ва илҳом бағишлайдиган бундай масканда туғилган, оддий, самимий ва дангал сўзли одамлари орасида ўсиб-улғайган кишининг шоир, олим, санъаткор бўлмасдан иложи йўқ.

Шу йилнинг 11-12 май кунлари Қашқадарё вилоятида ташкил этилган «Мен туғилган юрт» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбирлар пойтахтда фаолият кўрсатаётган қашқадарёлик таниқли ижодкорлар ҳамда воҳада яшаб довруқ қозонган зиё аҳлини эзгу маслак йўлида жамлади.

Адабиётшунос олимлар, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар ва санъаткорлар билан учрашувлар, мутолаа маданиятини янада юксалтириш, китоб тақдимотлари ҳамда воҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари билан яқиндан танишиш каби мақсадлар кўзланган тадбирда дастлаб ижодкорлар Қарши туманидаги Қовчин қишлоғига бориб, калом илмининг дарғаларидан бири, Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган улуғ аллома Абул Муин ан-Насафий мақбарасини зиёрат қилишди.

Бир гуруҳ ижодкорлар эса Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов ижод мактабида «Уч авлод учрашуви»да қатнашди.

Ижод мактабида бугунги адабий жараёнлар ҳақида сўз борди. Шеърлар ўқилди, сўз санъати ҳақида фикрлашилди.

Ижодкорлар, шунингдек, Қарши шаҳридаги «Alp Texno servis», «Sultontex Group», «Javohir Med center», Косон туманидаги «Bunyodkortex» МЧЖлар фаолияти билан яқиндан танишди. Косон ва Яккабоғ туманларидаги «Янги Ўзбекистон» массивлари бориб кўрилди. Қарши давлат университетида ижодий учрашув ўтказилди.

Шаҳрисабз туманидаги «Лочин» оромгоҳида ташкил этилган мулоқотда эса вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқди.

— Сизларнинг тимсолингизда адабиёт, илм-фан ва санъат равнақига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган фидойи инсонларни кўрамиз, — деди вилоят ҳокими. — Баъзан одам моддий манфаатлар, замон янгиликлари, интернет тизими қуршовида куни ва туни қандай ўтганини ҳам билмай қолади. Шундай пайтда бир яқин суҳбатдошга қалбимизда эҳтиёж пайдо бўлади. Албатта, шунда китоб варақлашга тушамиз. Ундан ўзимизга чексиз куч-қувват ва ғоя оламиз. Бир китобхон сифатида Сизлардан ҳамиша мана шундай асарларни кутиб қоламиз.

Тадбирда сўзга чиққан журналистлар – Амирқул Каримов, Жўра Бобораҳмат, шоир Хол Муҳаммад Ҳасан, ёзувчи Неъмат Арслон, ёш адиб Жавлон Жовлиев ва бошқалар самимий фикрларини билдиришди, ўз ижодларидан намуналар ўқишди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари даврага ўзгача файз бахш этди. Меҳмонларга вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари топширилди.

Меҳмонлар тадбирнинг иккинчи кунида «Илму адаб қуббаси» дея эътироф этилган қадимий ва навқирон Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор манзилларида бўлишди. Меҳмонлару мезбонлар бу каби адабий мулоқотлар бардавом бўлиши кераклигини таъкидлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?