Қашқадарёда ДХХ раиси кубоги соҳиблари тантанали кутиб олинди
Мамлакатимизда илк бор маҳаллалардаги 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги учун мусобақа ташкил этилди.
Унда Қамаши туманидаги Самарқанд МФЙ ёшларидан тузилган мини-футбол жамоаси Қашқадарё вилояти шарафини муваффақиятли ҳимоя қилиб, якунда бош совринни қўлга киритишди.
Бугун ғолиб футболчилар Қарши шаҳридаги темир йўл вокзалида тантанали тарзда кутиб олинди. Қўлида бош соврин – мусобақа кубогини кўтариб олган спортчиларни кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ва депутатлар кутиб олишди. Кўксида олтин медаль ярқираб турган навқирон ёшларнинг ҳар бирини Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бағрига босиб қутлади.
— Ўзбек футболидаги муваффақиятсизликларнинг сабаби футболчиларни қуйидан танланмаётганидадир, — деди вилоят ҳокими. — Мана ҳақиқий футболчилар, улар Қашқадарёда, тўғрироғи, Қамаши туманида! Офарин, сизларга йигитлар!
Фурсатдан фойдаланган ҳолда мини-футбол жамоаси дарвозабони Шаҳзод Жўраевни суҳбатга тортдик.
— Ўйин жуда курашларга бой бўлди, — дейди Шаҳзод. – Учрашув давомида бирорта кучсиз жамоани кўрмадим, ҳаммаси ғалаба учун шиддатли кураш олиб боришди. Бизнинг йигитлар ҳаммасидан устун чиқиб, бош совринни қўлга киритди. Дарвозабонни ярим жамоа дейишади. Мен бор маҳоратимни ишга солиб, жамоамизнинг ғалабасига катта ҳисса қўшдим. Вилоятимиз аҳлини, Қамаши халқини бу ғалаба билан қутлайман,
Тантанали кутиб олиш маросимида футболчиларнинг яқинлари, ота-оналари ҳам иштирок этишди. Моҳир чарм тўп усталари — Ўктамжон ва Рустамжон Жўраевларнинг отаси Ғафур Хўжамқулов билан суҳбатлашдик.
— Фарзандларим Ўктамжон ва Рустамжоннинг муваффақиятидан жуда қувондим, — дейди Ғ. Хўжамқулов. - Ота учун фарзанди ютуғини кўриш катта шараф. Ўктамжон ҳам, Рустамжон ҳам «ота бу ғалабамизни сизга ва онажонимга бағишладик» деганида қувончдан кўзларимга ёш қалқди. Кечагина Ўзбекистон терма жамоаси футболчиларининг Саудия Арабистони жамоасига ютқазиб қўйганидан хафа бўлиб тургандим. Ўғилларимнинг гапи юрагимга таскин бўлди.
Футболчилар карнай-сурнай садолари остида шаҳарга кузатиб қўйилди.
Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг