Қашқадарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишини ўрганиш натижалари муҳокама этилди

16:42 24 Октябр 2023 Иқтисодиёт
157 0

Фото: Акмал Муҳаммадов, «Халқ сўзи»

Жорий йил 24 октябрь куни парламент юқори палатасининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, сенаторлар Қашқадарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг самарали амалга оширилишини ўрганиш натижаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, Қашқадарё вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш ва бандлик дастурлари ижросини таъминлаш, тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш ҳамда вилоятнинг тарихий қиёфасини янада кўркам ва обод қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган (4-босқич) 87,8 мингдан зиёд хотин-қизнинг 86,1 мингига (98 фоиз) ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатилган. Ушбу мақсадда “Аёллар дафтари” ва “Саховат ва кўмак жамғармаси” ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 95,7 млрд сўм йўналтирилган.

Муҳокама жараёнида сенатор ва депутатлар амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мавжуд камчилик ва муаммоларга ҳам эътибор қаратди.

Жумладан, вилоятда 2023 йил январь-сентябрь ойларида 439,1 минг кишининг бандлиги таъминланган бўлса-да, айрим ҳудудлар ва соҳаларда бу борадаги ишлар суст ташкил этилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган уй-жойга муҳтож бўлган 225 нафар хотин-қиздан 75 нафари (33,3 фоизи) уй-жой билан таъминланган. Айрим ҳудудларда уй-жой билан таъминлаш масаласида сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган тартибга мувофиқ маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” жамғармаларига маблағлар тўлиқ ажратилмаган.

Мажлисда Қашқадарё вилояти ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлаш, шу жумладан янги иш ўринларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларини маҳаллабай ишлаш тизими асосида ўрганиш ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари сессияларда танқидий муҳокама қилиш бўйича Сенат аъзолари томонидан тавсиялар берилди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов, «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер