Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳисоботи танқидий муҳокама қилинди

13:33 29 Сентябр 2021 Сиёсат
105 0

Ўн тўққизинчи ялпи мажлисда Қашқадарё вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Сенат Ишчи гуруҳи томонидан вилоятни комплекс ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама қилинди.

Ҳисоботда вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда муаммо ва камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида айрим лойиҳалар ташаббускорларининг имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан дастурга киритилганлиги боис ижро муддати келмасдан “истиқболсиз” деб топилган ҳолатлар мавжуд.

Қолаверса, 2021 йилги Инвестиция дастури доирасида баъзи қурилиш-таъмирлаш ишлари белгиланган муддатдан ортда қолмоқда. 10 сентябрга қадар якунланиши белгиланган Қарши туманидаги 26-сонли мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ишлари 29 фоизга бажарилган. 10 октябргача фойдаланишга топширилиши белгиланган Қарши тумани “Ботош” даҳасидаги 4 қаватли янги мактабнинг ҳатто биринчи қаватини қуриш ишлари ҳанузгача якунланмаган.

Яна бир жиҳат. Вилоятдаги кичик саноат зоналарининг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Хусусан, фаолияти бошланган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти йўлга қўйилмаган.

Деҳқонобод туманида етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлса-да бугунги кунга қадар кичик саноат зонасини ташкил этиш чоралари кўрилмаган. Нишон, Яккабоғ, Ғузор, Миришкор, Муборак, Шаҳрисабз туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрида ташкил этилган 10 та кичик саноат зонасини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари амалда бошланмаган.

Вилоятдаги умумтаълим мактаблари учун республика “Transport va logistika xizmati” ДУК томонидан 46 фоиз дарсликлар етказиб берилган, холос. Ушбу дарсликлар жамланмасининг 24 фоизи тўлиқ бўлмаганлиги боис омборхонада сақланмоқда, бунинг натижасида ўқувчилар ўқув йилини китобсиз бошлади.

2021 йилги Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93 та умумтаълим мактабини жиҳозлаш белгиланган бўлиб, шундан 36 тасига мебель ва жиҳозлар қисман етказиб берилган, қолган 57 тасига эса умуман етказиб берилмаган.

Ҳудудда 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, 3 минг 108 та жиноят содир этилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 70 фоизга ортган. Содир этилган жиноятлардан 1 минг 828 тасининг (шундан 963 таси маҳаллада содир этилган) ёки 58,8 фоизининг олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар ташкил этган.

Мажлисда ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 13 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, ялпи мажлисда сенаторлар томонидан мавжуд муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари эшитилиб, муҳокама қилинди.

Шунингдек, вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди ва ижроси юзасидан сенаторлик назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?