Қарши шаҳрида Ўзбекистон — Беларусь қўшма корхонаси ишга тушди. У ерда пойабзал ишлаб чиқарилади

19:19 09 Сентябр 2021 Иқтисодиёт
548 0

Қарши шаҳрида "UzShoes“ МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Беларусь пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган қўшма корхона фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 августдаги «Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур қўшма корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 6 млн доллар бўлиб, шундан белоруслик инвестор томонидан 1 млн 200 минг АҚШ доллари қийматида ускуна кўринишида инвестиция киритилган.

— 2019 йилнинг июль ойида Минскда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Беларус Республикаси ҳудудлари форуми доирасида Қашқадарё вилоятида пойабзал ишлаб чиқарувчи янги қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича истиқболли битим имзоланган эди, — дейди корхона раҳбари Дилшод Муфтуллаев. — Бугунги кунга келиб ушбу битимга оид лойиҳанинг биринчи босқичи ишга тушди. Ҳозирги пайтда 100 нафар маҳаллий хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлиб, улар белоруслик мутахассислар томонидан ўқув-тажриба курсларига жалб этилган ҳолда Германиядан келтирилган замонавий ускуналарда ишлаш маҳоратлари ошириб борилмоқда. Қўшма корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, 525 та янги иш ўрни очилади. Шуни алоҳида айтиш жоизки, биз асосан Белоруснинг «Марко» компанияси билан ҳамкорликни яхши йўлга қўйганмиз. «Марко» компаниясининг Европа давлатларида юздан ортиқ савдо шохобчалари мавжуд ва бу бизга маҳсулотларимизни экспортга чиқаришга катта ёрдам беради.

Қўшма корхонада эркаклар, аёллар ва болалар учун мўлжалланган турли кўринишдаги пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариляпти ва тайёр маҳсулотларнинг бир қисми хорижга экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.

Янги қўшма корхонанинг очилишига бағишланган тантанали маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?