Қарши давлат университетида юқори тезликда  ишлайдиган Wi-Fi ўрнатилди

12:33 25 Ноябрь 2021 Жамият
233 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган Академик инновацион фонди томонидан “Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этишда янги технологиялар” лойиҳаси доирасида Қарши давлат университетида 110 дона Wi-Fi қурилмаси келтирилиб, монтаж қилиш ишлари бошланди.

Ҳозирга қадар 1200 нафар талабага мўлжалланган ўқув биносида юқори тезликда ишловчи 30 дона Wi-Fi тизими ўрнатилди.  Бунда MikroTik ва Ubiquiti Network компанияларининг сўнгги русумдаги тармоқ қурилмаларидан кенг фойдаланилди.

 – Ўқув биномизга ўрнатилган Wi-Fi қурилмалари бир вақтнинг ўзида 2000 нафардан ортиқ фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш қувватига эга,– дейди Рақамли таълим технологиялари маркази раҳбари Бекзод Очилов. – Айни вақтда университетимизда умумий интернет тезлиги 3 Gb/sek бўлиб, уни 10 Gb/sek тезликка етказиш устида иш олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, келтирилган Wi-Fi қурилмалари ОТМнинг барча бинолари, шу жумладан, ўқув аудиториялари, ахборот-ресурс маркази, талабалар турар-жойларига ўрнатилиб, “радиуси” бутун ҳудудни қамраб олиши кўзда тутилган. Бу, албатта,  профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга сифатли ҳамда юқори тезликда ишлайдиган интернетдан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратади.

Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?