Қарши давлат университетида янги кутубхона ва марказ фойдаланишга топширилди

23:49 10 Март 2024 Жамият
442 0

Фото: “Халқ сўзи”

Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. Қарши давлат университетида Ахборот ресурс маркази ҳамда Талабаларга хизмат кўрсатиш марказининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

Таъкидлаш жоиз, 2022 йилда Қарши давлат университети талабаларидан ташкил топган жамоа “Заковат” интеллектуал олимпиадасида юқори натижа қайд этиб, Президент совғаси — замонавий кутубхона тизимини қўлга киритишган эди. Бу эса университет раҳбариятини олийгоҳнинг ахборот ресурс марказини таъмирлаб, у ерда рақамли кутубхона тизимини йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитларни яратишга илҳомлантирди. Натижада эски бино тўлиқ капитал таъмирланиб, энг замонавий кутубхона жиҳозлари билан таъминланди.

— Амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари жараёнида кутубхонанинг 100 ўринли ўқув хоналари 200 ўринлига айлантирилди, — дейди университетнинг ахборот хизмати раҳбари Ойбек Юсупов. — Ўқув заллари энг замонавий компьютерлар ва ахборот технологиялари билан жиҳозланди, янги адабиётлар билан бойитилди. Яна бир эътиборли жиҳати, кутубхонада давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан университетга бириктирилган ёндош маҳаллалар ёшлари учун “Маҳалла ёшлари кутубхонаси” ташкил этилди.

Олийгоҳ ҳудудида янги қад ростлаган Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази биноси ҳам ходимлар ва талабалар учун кўплаб қулайликлар яратади. Эндиликда бу ерда Академик фаолият ва регистратор бошқармаси таркибидаги академик фаолиятни бошқариш, қабул жараёни ва талабалар регистрацияси, маълумотлар базаси, таълимнинг кредит тизимини бошқариш, талабалар билан ишлаш бўлимлари ҳамда карьера маркази фаолият олиб боради. Бир сўз билан айтганда, талабалар учун зарур бўладиган деярли барча хизматлар энди бир жойнинг ўзидан кўрсатилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?